ГлавнаяРегистрацияВход Р. А. САНГИЛОВ Жума, 17.05.2024, 19:33
  Каталог статей Приветствую Вас Гость | RSS

 
 
Главная » Статьи » Мои статьи

Муқаддас эҳтирос. Шеърлар.(Охири 5)

 

 

 Соғинч. . .

Умр карвони  кетиб борар шошилганча  уфқларга,

Чархи фалак айланмоқда, ўйнашгандай ким ўзарга.

Битта ҳабиб топилмайди, сир айтарга, дил ёзарга-

Онажоним,  шу  лаҳзада  сизни жуда кўргим келди,

Бир зумгина кўнглим ёзиб, сиз-ла суҳбат қургим келди.

 

Онажоним,  сизни ўйлаб термиламан юлдузларга,

Қирда унган лолаларга,  сувда сузган  қундузларга,

Бағрим доғлаб, тунларимни мен улайман кундузларга-

Онажоним,  шу  лаҳзада  сизни жуда кўргим келди,

Бир зумгина кўнглим ёзиб, сиз-ла суҳбат қургим келди.

 

Қанча зангор тонглар отди,  булбул бўлиб куйлаш билан,

Йиллар ўтди дулдул отдай,  қувлашмачоқ  ўйнаш билан,

Орзуларга етиб бўлмас экан,  асло,  ўйлаш билан-

Онажоним,  шу  лаҳзада  сизни жуда кўргим келди,

Бир зумгина кўнглим ёзиб, сиз-ла суҳбат қургим келди.

 

Бошга омад келганида омадлардан қочиб юрдим,

Уч-тўрт танга топганимда ҳар томонга сочиб юрдим,

Яхши сўзга зор бўлганда қўлларимни очиб турдим-

Онажоним,  шу  лаҳзада  сизни жуда кўргим келди,

 Бир зумгина кўнглим ёзиб, сиз-ла суҳбат қургим келди.

 

Қовурғамга оғир ботар, дўстлар  урган пичоқлари,

Нафасимни бўғмоқдадир ғанимларнинг қучоқлари,

Кўнглимни ҳеч ёритолмас, ҳатто ёрнинг дудоқлари-

Онажоним,  шу  лаҳзада  сизни жуда кўргим келди,

Бир зумгина кўнглим ёзиб, сиз-ла суҳбат қургим келди.

 

Не куйларга солса  солди,  бу бағритош, бедард дунё,

Бир умр-ки, юрагимдан аримайди бир дард,  дунё,

Юзларимни қилиб қўйди ҳам заъфарон, ҳам зард дунё,

Онажоним,  шу  лаҳзада  сизни жуда кўргим келди,

Бир зумгина кўнглим ёзиб, сиз-ла суҳбат қургим келди.

 

Қани эди, бир дамгина ёнгинамда бўлсайдингиз,

Тўлган кўнглим кўриб,  ой-у, қуёш бўлиб тўлсайдингиз,

Гиргиттоним бўлиб,  бошим аста  силаб қўйсайдингиз-

Онажоним,  шу  лаҳзада  сизни жуда кўргим келди,

Бир зумгина кўнглим ёзиб, сиз-ла суҳбат қургим келди.

 

Қаранг, ёруғ кунлар келди, шод, бахтиёр, доруломон,

Янграмоқда эл- юртимда, бахт қўшиғи, гулгун, шодон,

Фақат қалбим соғинмоқда сизни ҳамон, жон онажон-

Онажоним,  шу  лаҳзада  сизни жуда кўргим келди,

Бир зумгина кўнглим ёзиб, сиз-ла суҳбат қургим келди.

 

 

 Баҳор сенга ўхшайди

 

Баҳор сендан олганми чирой,

Сен  чиройда мисли йўқ ҳур, ой,

Лола янглиғ юзларинг ширмой,

Баҳор сенга ўхшайди дилдор!

 

Чаккасига қизил гул таққан,

Юракларда ёлқинлар ёққан,

Бойчечакдай ийманиб боққан,

Баҳор сенга ўхшайди дилдор!

 

Ўнгирларда қорни эритган,

Жилғаларда оҳанг яратган,

Новдаларга сирғалар таққан,

Баҳор сенга ўхшайди дилдор!

 

Кулишингдан олам барқ урар,

Аразингдан  ёшлар шашқатор,

Қиёсларинг бунча бетакрор,

Баҳор сенга ўхшайди дилдор!

 

Мушк-у, ифор таратиб турган,

Умидларим, уйғотиб турган,

Толеимни ёритиб турган,

Баҳор сенга ўхшайди дилдор!

 

 

 

 

Педагогик бошлиқлар қарори

 

Ҳар болага битта  устоз

Бириктирди бошлиқлар.

Шундай бўлса  жуда  ҳам соз,

Бўлар деди бошлиқлар!

 

Болаларга  эркак малим,

Чўқинтирган отадир!

Муаллима опа энди

Оқ сут берган онадир!

 

Бекорга  ҳеч шудгорзорда,

Ётмас қуйруқ дейдилар.

Бир нарсани билишар-ов,

Педагогик бошлиқлар!

 

“Оталари ўлганмикин?”

Фикр келар шу дамда.

Ота туриб орқасидан,

Югуради бегона!?

 

Бошлиқ  буни билмайди-да,

Билса ҳам қилмайди кор,

Бошлиқнинг ҳам бошлиғи бор,

Дўппи ахир келган тор!

 

-Ўқитдинг-ку  бир неча йил,

 Қўрқитдинг-ку  шунча йил,

Энди ОЎЮга киритиб қўй,

Дейди, олғир бошлиқлар!

 

-Институти нима бўпти,

Уйлантириб  қўямиз.

Йигитларга куёв- жўра,

Қизларга янга бўламиз!

 

Тез орада жамиятда,

Қолмайди ҳеч бўшлиқлар.

Шундай доно қарор қабул

                                  Қилаверса бошлиқлар!

 

    

 

          Умр ўтмоқда

 

Мен ҳам ўтаяпман дунёдан яшаб,

Ўтган кунларимни варақлаб такрор.

Қайсидир кунимдан афсуслар ясаб,

Қай бир кунларимга таъзимларим бор.

 

Ортимга умидвор боқаман ҳар он,

Бирорта савоб иш қилолдимми, деб,

Кимнингдир дардига бўлдимми дармон,

Кимнингдир қалбига беролдимми зеб?

 

Баъзида ўзимни койий бошлайман,

Бир оз катта кетиб қўйдим мен, наҳот?!

Аслида тупроқдан яралган-ку мен,

Осмонлардан нечун кутибман нажот!

 

Шайтон  муқомида  кўриб дунёни,

Ҳам гунгу-лол бўлиб, ҳам ҳайрон қолиб,

Мен  ҳам ўтаяпман, айтиб тасанно,

Дунё ҳам ўтмоқда устимдан кулиб!

 

. . . Икки қўлим очиқ. Якто тилагим,

Оллоҳ жамолига  шундоқ  етаман.

Ёниб яшолмаган бўлса юрагим,

Уни дайди итга ташлаб кетаман. . .

 

 

 

 

 

                         

 

 

Категория: Мои статьи | Добавил: Раззок (21.06.2014)
Просмотров: 772 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
 
 
Форма входа

Категории раздела
Мои статьи [5]

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

     

    Copyright MyCorp © 2024
    Создать бесплатный сайт с uCoz