ГлавнаяРегистрацияВход Р. А. САНГИЛОВ Жума, 17.05.2024, 22:55
  Каталог статей Приветствую Вас Гость | RSS

 
 
Главная » Статьи » Мои статьи

Муқаддас эҳтирос. Шеърлар.(Давоми 4)

Уйнинг Эгаси, Вафодор ит  ва бевафо

хотин ҳақида баллада

 

Дарвоза тагида ётибди бир ит,  

Ўтган кетганларга бепарво қараб.

Олдида ғажилган суяклар-иркит.

Кўзида  чексиз мунг, боқар мўлтираб.

 

Нур қочган кўзида интиқ  бир умид,                         

Ҳар бир йўловчидан нажот сўрайди.

Осмонларга  қараб ув тортади ит,

Занжирбанд, гулмихга  маъюс қарайди. . .

 

О, ҳаёт бир пайтлар эди фаровон,

Асирлик нелигин билмас ит, мамнун.

Ҳар кун қувнар эди отганида тонг,

Ҳар тун юлдузларга боқарди мафтун.

 

Меҳмон бошлаб келди Эгаси бир кун,

-Яқин дўстим,- деди, бекасига   у.

Шайтонни кўргандай бўлди ит беун,

Ва шартта поччадан тортиб қолди-ку!

 

-Итингизни боғлаб қўйинг- да,- дея,

Беканинг кўзлари нозик сузилди.

Унинг қоматига мафтун бўлди-да,

Келган эркакнинг  ҳам кўнгли бузилди.

 

Шундан бери занжир - бўйнида боғлиқ,

Тақдир ва қисматга эгиб келар бош.

Ҳайҳот! Пешонада шу ҳам ёзуқлик!

Бекаси бошида айлантирар тош.

 

Оғир хасталикка   даво йўқ асти-

Бир кун омонатин берди эгаси.

Одамлар наздида дафн чоғи “дўсти”,

Ҳаммадан ҳам кўп “куйди” чамаси!

 

Ит билди. Эгаси кетди ушбу дам,

Тўрт оёқли отга миниб-мингашиб.

Одамлар билмади. Тобут ортидан

Итнинг армонлари кетди эргашиб!

 

Қирқ  кун хам ўтмасдан ўша “дўсти”ни,

Уйига етаклаб келди бекаси!

“Тупроққа қорилди оила шаъни-

Қайдасан, қайдасан уйнинг Эгаси!”

 

Не-не сотқинликнинг бўлди гувоҳи,

Ҳар бир тун ит учун фожеа бўлди!

Тунлар арвоҳларда толди нигоҳи,

Эгасин ўрнига минг бора ўлди!

 

Йиллар ўтмоқдадир бир-бирин қувиб,

Ўтмоқда баҳор, ёз, ўтмоқда  қиш, куз.

Занг босган занжирга бошини қўйиб,

Эгасини кутиб ётар  ит  ҳануз!

 

 

 

 

 

Чарчадим... 

 

Чарчадим.  Бир лаҳза олайин ухлаб,

Оққушлар тушимга бир нафас кирсин.

Самода вужудим қолсин муаллақ,

Замин менсиз бир пас айланиб турсин.

 

Қўмсадим болалик эртакларини-

Бугун армонларга кўмилиб, қолган.

Кўп кўрдим ҳаётнинг кемтикларини,

Юрак ёлғонлардан чарчаган, толган.

 

Ёлғонга йўғралган  юлдузли онлар,

Бефарқ бўлди дунёнинг оқи-қораси.

Гўдак тафаккурли кимсалар- дўнглар,

Тўсдингиз тоғдайин  қалбим наърасин!

 

Жим туринг! Илтимос... Ахир бир умр,

Ёлғон гапирмоқдан толмадингизми?

Мана ўтиб бўлди, маним карвоним,

Ҳали ҳам ҳуришдан  қолмадингизми?

 

Яшаш тарзингиз-ку, қумурсқалардай!

Суварак, қўнғизнинг битта турисиз.

Сиз-чи,  ўз қавмига ёмонликларни

Раво кўрадиган ёвуз бўрисиз!

 

Йўқолинг! Афтингиз кўрмайин–қийшиқ!

Совуқ нафасингиз нарироқ турсин.

-Келмоқда самодан илоҳий қўшиқ,

Қалбимдан илоҳий ҳислар уфурсин.

 

Қўймадингиз қуёшдай яшамоқликка!

Совуқ  қалбингизни иситмоқчийдим.

Чарчадим сизга ақл улашмоқликдан...

Жим... Ухлаб олайин, жуда чарчадим...

 

 

 

Бахтнинг биринчи куни

(Эгизак шеърлар)

 

1. Янги йилнинг биринчи кунида

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Туғилмоқда дилларда имкон.

Тақиб юлдуз - мунчоқларини,

Айланмоқда еримиз шодон.

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Туғилмоқда оппоқ орзулар,

Кузатамиз кечаги тунни,

Янги кунни олам қаршилар.

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Орзу, умид бугун эгизак.

Қаршилаймиз мунаввар тонгни,

Чорламоқда нурли келажак!

 

 

2. Битирув кечасида

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Кеча эдинг толиби билим.

Юлдузларга қадаб нигоҳинг,

Устозлардан олардинг таълим.

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Жовраяпсан бунча тиришиб.

Мана, бугун битта столда,

Ўтирибмиз роса ичишиб!

 

Бугун бахтнинг биринчи куни

Орзуларинг қоқмоқда қанот.

Юлдузлардан фаввора ясаб,

Олқишлайди сени коинот!

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Сен шу  юртнинг аъло фарзанди!

Буюк шоир айтгандек сени-

Билиб қўйки, Ватан кутади!

 

 

 

3. Туғилган кунда

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Ғалатироқ тонг отди бугун!

Магазинлар эрта очилди,

Дўстим, бугун сен туғилган кун!

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Бош оғриққа бўлди баҳона,

Айтмайсанми эртароқ шуни,

Похмел қилиб юрмасдим яна!

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Туғилган кун муборак бўлсин.

Дастурхонда половхон тўра,

Столингда ароғинг турсин!

 

Бугун бахтнинг биринчи куни,

Дўст-у  ёрлар табрик этайлик.

Майли, юз бор туғилгин яна,

Биз ҳам юз бор қадаҳ тутайлик!

 

 

 

 

 

     Аёлга

 

Севаман – жаннатдан чиқарганинг-чун!

Севаман – соғиниб  чақирганинг-чун.

Севаман – дардимга бўлгансан дармон,

Бир этак боламни  туққанинг учун.

 

Тунлари фароғат беролганинг-чун,

Ёстиқ  бўлганинг-чун  толиққанимда.

Ширин-у аччиғим  тотганинг учун,

Ва мени  оламда топганинг учун.

 

Қалқон бўлганинг- чун отилганда тош,

Кўксинг билан селлар  тўсганинг учун.

Чироққа термилиб  кутганинг учун,

Оламда  ягона бўлганинг учун!

 

 

 Бир чимдим бахт бер

 

Хаёлий орзулар ясаб яшадим,

Баҳона изладим, алданиб ҳар кун.

Эртакларга, ҳатто, ишондим-кўндим,

Ҳаёт! Оёғингга  йиқилмоқ учун.

 

Самолардан омад чорлаб тикилдим,

Дарёлардан  изладим  марваридларни.

Календардан  беун, беаёв   уздим,,

Ва бир-бир ёқдим  мен, ўтган кунларни!

 

Оддийгина яшаб кўрдим, бўлмади,

Мураккаб яшашга етмади кучим.

Тафт  бердим кимгадир, кўнглим тўлмади,

Жавоб ололмадим ҳатто бир чимдим.

 

Қирғоққа ҳеч яқин келмаскан кема,

Қўналға бўлмаса, соҳилда асти.

Бахтни ихтиёр  этсанг-  унутма,

Бер аввал  кимгадир бир чимдим бахтни!

 

 

     Сўнги йўқ шеър

 

- Майлими, мен сени севсам?

Дединг: -Майли!

- Майлими, кўзларингда чўмилсам?

Дединг: -Майли!

- Тоғлардан сакрайми севгим исботлаб?

Дединг: -Майли!

- Ёнингга келайми хушҳол паллада?

Дединг: -Майли!

- Ё рўё бўлайми бўлганигда зор?

Дединг: -Майли!

- Майлими, Ойлардан ёзсам сенга хат?

Дединг: -Майли!

- Майлими, бир умр сен деб яшасам?

Дединг: -Майли!

- Юлдузим дейинми, осмонда ёлғиз?

Дединг: -Майли!

- Оламда ягона Мажнунинг бўлай?

Дединг: -Мен Лайлинг!

 

     

 

Ёлғончи бемор

 

-Доктор, кўринг, - қабулда бемор,

Дермиш: - Менинг оғир дардим бор!

-Гапиринг-чи, қулоғим сизда!

Сизни кутиб ўтирибмизда!

 

-Фаромушсиз, бемор, сиз жуда,

Хотин ёки қилдими зада?

Нега заҳил бир оз юзингиз,

Чақнамайди қаро кўзингиз!

 

Газ- светдан қарзингиз борми,

Солиқчидан сиз ё безорми?

-Асло! Чироқ ўчмайди сира,

Асабларни қилмайди хира!

 

Газ порлайди, мангу оловдай,

Еганимиз ҳар кун полов-да!

Бир ариқ сув ўтар ҳовлидан,

Олаяпмиз ҳосил шолидан!

 

Солиқчилар бизлардан безор,

Келишмайди ўн йилда бир бор!

Ем емайди бизларнинг сигир,

Бирор йил ҳам қолмайди қисир!

 

Ҳеч ким олмас хизматга пора!

Ҳар бир ишга топилар чора!

Нафақалар келар вақтида,

Қариларнинг буям бахтида!

 

Болаларнинг ўқиши бепул,

Ремонт пули сўрашмас ҳар йил.

“Пардага пул”, демас муаллим,

Фикри-зикри беришдир таълим!

 

Касал бўлсак  доктор  овора,

Бепул хабар олар кун ора!

Ўғрилар йўқ,  “Боғдодда тинчлик”,

Бозор сероб! Зўр! Тўкинчилик!

 

Хотин, хотин эмас фаришта,

Уйларимиз доим саришта!

Умуман-чи, ҳаёт фаровон,

Камчилик йўқ, йўлимиз равон!

 

-Унда, бемор, тушунолмадим,

Дардингизни англай олмадим?!

-Деманг доктор, мени бетайин,

Ёлғончиман, ахир нетайин!

 

 

 

   Акахоннинг тепкиси

 

Ишдан бўшаб Каттахўжаев,

Ўтиролмай қолди жойида.

Қайга борса турар тиржайиб,

Икки  қўли эмиш ортида.

 

Мийиғида кулармиш баъзан,

Кўтарилган гўё амалда.

Орқасини силаб дам бадам,

Дермиш: - Жуда зўр иш бўлди-да!

 

Стулга у асло ўтирмас,

Кўрпачага йўламас экан.

Ётар эмиш тунлари бир пас, 

Тўшакда ҳам тушиб юз тубан.

 

Ҳамма унинг ҳолидан ҳайрон,

Охир сабр косалар тўлди: -

-Элда азиз сизнинг орқангиз

Айтинг, ака, нима гап бўлди?

 

-Орқага тил текизма, ука,

Билсанг, орқам табаррук бўлган.

Ўша, ишдан бўшар чоғимда,

Акахоннинг ўзлари тепган!

 

 

 

Бахтиёрлик

 

Ой ўн беш кун зулматдадир,

Ўн беш куни ёруғ дерлар.

Нима бўлса, бўлса-бўлар,

Бахтиёрман,- дегин, мудом.

 

Фарзандларинг қатор-қатор,

Бир ёнингда жонона ёр,

Айт, бундай бахт қай ерда бор,

Бахтиёрман,- дегин, хандон.

 

Ташвиши кўп бу ҳаётнинг,

Чопқур - умр деган отинг,

Қадрига  ет дўст-у, ётнинг,

Бахтиёрман,- дегин, чунон.

 

Тош отсалар сенга томон,

Иғво-бўҳтон ботса ёмон,

Поклигингга келтир имон,

Бахтиёрман,- дегин, ҳар он.

 

Шамол эсиб, тўсса йўлинг,

Хазонларга тўлса кўзинг,

Тилда турсин ушбу сўзинг,

Бахтиёрман,- дегин, шодон.

 

Тушганида бошингга ғам,

Юрагингни чақса алам,

Ёшинг артиб енгингга, ҳам,

Бахтиёрман,- дегин, гирён.

 

Бошга солса атодандир,

Кўз кўргани хатодандир,

Илло, бахт бу- иймондандир,

Бахтиёрман,- дегин, ишон.

 

Бахтлимиз-ки, кимдир суяр,

Бахтлимиз-ки, кимдир куяр,

Қўявергин, дунё ўтар,

Бахтиёрман,- дегин, комрон!

 

Баҳор- ёзлар ўтар-кетар,

Қиш келса хўп, келса-кетар,

Омад кулмас ёки кулар,

Бахтиёрман,- дегин, мудом.

 

Ёшинг кетиб, олтмишингда,

Тиш қолмаса етмишингда,

Шунда, чиқса тош ошингда,

Бахтиёрман,- дегин, қувон.

 

Тонг ортингда қолганда ҳам,

Шом заъфарон ботганда ҳам,

Бош ёстиққа текканда ҳам,

Бахтиёрман,- дегин, тамом...

 

 

 

Юрагимга ўхшайди Орол

 

1.

“Орол қани?” -  сўрайман титраб-

Мен, гердайиб турган арбобдан.

У кўзида ёши ялтираб,

Тўқ тимсоҳга ўхшар шу тобда!

 

 

2.

-Тўлди! Тўлди! О, Орол тўлди!

-Йўғ-э!?

 -Наҳот!?

 -Шукур!

-Хайрият!

-Хурсанд бўлма эй, ғофил банда!

 Оролимнинг  поймони тўлди. . .

 

 

 

Узоқ умр

 

Умр, сен айтганингдек қисқамас, комрон!

Умр инсонга  узоқ, бекам  берилган.

Хоҳласанг яхши-ю, хоҳласанг  ёмон, 

Яшаш-чун маржондек  имкон терилган.

 

Умринг давомида аста ва секин,

Рўбарў келади юзлаб инқилоб.

Юз марта Маккага бормоқлик мумкин,

Йўлларда саргардон,  мункиб, инқиллаб.

 

Кимдир тўпдан  отиб ўлим сочади,

Кимдир гильзалардан ясар гул тувак.

Биров бошингга хўп  ташвиш  солади,

Биров иморат-чун  экади терак!

 

Оролни қуритиб қўйса бўлади,

Чўллар ўз ўрнини эгаллар ногоҳ.

Тўти гулзорларда ҳоким бўлади,

Қалдирғоч саҳродан топади паноҳ.

 

Баногоҳ, тоғлар ҳам қулаши мумкин,

Сувлар ортга қайтиб оқса ҳеч гапмас.

Улгурар ғанимга айланиб дўстинг,

Ғаниминг дўст бўлиб тўрингни бермас.

 

Ҳаёт зерикарли, узоқ шу қадар.

Инсон қариганда ўлимни чорлар.

Шу сабаб, ёш ўлса дод солиб ўлар,

Жимгина дунёни тарк этар чоллар.

 

 

Клонланган онг

 

Сен мени бир тепдинг, аямай сўкдинг,

Тупроққа қорилди  обрў, ор ва  жон.

Қийналиб турдим-у  тиз чўкиб дедим:

“-Озор чекмадими, оёқ, акажон!”

 

 

               Ватанга мадҳ

 

Эй, зумрад осмонли беғубор Ватан!

Ўзбекистон аталмиш севимли диёр!

Хаёл қучолмайди сени даъфатан,

Толиби илмларинг  бағрингда бисёр!

 

Йироқ ўлкаларга ҳавасла боққан,

Доно Берунийнинг келар нафаси.

Улуғбек осмонга юлдузлар  таққан,

Хоразмий   “Ал-жабр” илми, фидоси!

 

Назари тушмоқда бутун оламнинг,

Дунё танимоқда фарзандларингни.

Муштарак айладинг Ҳаёт  ва Илмни, 

Дунё ўрганмоқда ҳар бандларингни!

 

Шимол-у жанубдан Машриққа қадар,

Олам мунаввардир тароватингдан.

Баҳор оёғингга гулдаста тўшар,

Ҳатто қиш исинади ҳароратингдан.

 

Толиби илмларинг ҳаддан зиёда,

Билим  майдонида уради жавлон.

Биз бормиз,  бир чигит қолмайди ерда!

Пахта -бойлигимиз, буғдойимиз -нон!

 

Кўкка боқ, дўстгинам, парвоз истасанг,

Қанотингга Она-Ватанинг кучдир.

Олға боқ, эй дўстим,  олға интилсанг,

Ўтмишни унутсанг, орзуинг пучдир!

 

Йўллар элтсин бизни  юлдузлар сари,

Самоларга интилиб яшасин юрак!

Қалблар оловлансин Қуёш сингари!

Ловуллаб ёнмаган юрак не керак!

  

Назари тушган юрт, ҳатто Оллоҳнинг,

Муқаддас бу тупроқ мен ва сеники!

Содиқ фарзандимиз Она-Ватаннинг

Келажак-бизники, интилганники!

 

 

 

Тошкентдаги Бобур боғида

айни қиш чилласида ёзилган шеър

 

Бобурнинг қалбидек вайрона, мажҳул,

“Бобур боғи” совқотиб турар мунғайиб.

Бобур руҳи билан ҳамоҳанг, машғул,

Паришон кезаман, бошим  анқайиб.

 

“Зообоғда” ҳайвонлар қишки уйқуда,

Ҳовузлар эслатар маҳкум Оролни.

Чархпалак зерикиб, қотган совуқда,

Табиат ўйнамоқда маъшум бир ролни.

 

Қорлар ўтирибди саҳнага қараб,

Саҳнада изғирин сокин вальс тушар.

Қор инган соқолин дарахтлар тараб,

Осмонга дўқ уриб, мағрур туришар.

 

Дўконлар, кўзлари юмуқ тимсоҳдай,

Содда  харидорни турибди пойлаб.

Бекинмачоқ ўйнар шамол ҳовузда,

Кимдир арқон билан қўйгандай боғлаб.

 

Ҳовуз ўртасида  қаҳвахона  ҳам,

Қаҳратон  қишни деб бўлган банкрот.

Чўккан “Титаник”дай  синиқ ойнадан,

Бобурнинг нигоҳи боқмоқда ҳайҳот!

 

. . . Бобур руҳи кезар, озорда ҳамон,

Ортидан эргашаман қўлимни чўзиб.

-Юр, олиб кетайин Андижон томон,

Юрмагин Тошкентда хор бўлиб, тўзиб!

 

 

 

 

          Насиҳат

 

Бу оламни қилгин масхара,

Одамларни дегин:-Тасқара!

Атрофингга жилмайиб қара,

Қувнаб яша- узоқ яшайсан!

 

Биров кулса, кулгин  қўшилиб,

Қўшиқ айтса эшит, эшилиб.

Дойрангни чал, кетсин тешилиб,

Ўйнаб яша- узоқ яшайсан!

 

Ғижирласа эшик рақсга туш,

Майли,  кимдир десин:”-Бу беҳуш!”

Бу кунлар ҳам ўтар мисли туш,

Беғам яша- узоқ яшайсан!

 

Ёмонлашса хурсанд бўл, майли,

Хафа бўлма,  шу умр зайли.

Бил! Айланар  Ер сен туфайли,

Яйраб яша-узоқ яшайсан!

 

Сароб деса, кимдир, орзулар,

Хароб бўлса кошона, уйлар.

Қалбинг эзса энг оғир ўйлар,

Кулиб яша- узоқ яшайсан!

 

 

Оиладан бошланур Ватан

 

Ватан оиладан бошланур, шаксиз,

Оила - Ватаннинг кўрки, таянчи!

Оила мустаҳкам- Ватан мустаҳкам,

Оила тинчлиги- Ватаннинг тинчи!

 

Оила –Ватаннинг айвонида гул,

Комил фарзандларнинг мангу бешиги.

Оила - Каъбадай муқаддас манзил,

Ҳар кимнинг ўз уйи -  ўлан тўшаги!

 

Сақлайлик муқаддас оила руҳин,

Оилага  ғаним  қўймасин қадам.

Оила бошланур остоналардан,

Ватаннинг негизи - Оила ҳардам!

 

 

 

Малака ошириш курсларидаги

дарсларнинг бирида

 

Ўтирибман, дарсда мунғайиб,

Деразага тикилганча зор.

Хаёлларим кетди сарғайиб,

Ташқарида ёғмоқдадир қор.

 

Қор ёғмоқда, оҳиста, майин,

Оқ  парқуга  ўралар  замин.

Атроф оппоқ бўлгани сайин,

Қорайиблар кетмоқда кўзим.

 

Доскадаги ёзувлар - сочим,

Орзуларим бир-бир синдирар.

Ёш бир домла билмасдан тиним,

Сочларимдан қорни сидирар.

 

Ва қайтадан бўяйди бошим,

Тақиллатиб бўрни беаёв.

Сенга томон шошади ҳушим,

Соат мили шу дам менга ёв!

 

Ким қўйибди олтмиш ёшимда,

Ўргатишни менга ақл, ука.

Ишқ бобида сен кел ёнимга

Малакангни оширмоқликка!...

   

Қор чирпирак, хаёл паришон,

Домла тинмас, маъруза ўқиб.

Қор ёғмоқда кўчада ҳамон,

Ўтирибман шеъримни тўқиб!

 

 

     Тилак

 

Ғанимларга тилама ўлим,

Яшасинлар майлига улар!

Кўрсин сенинг бахтинг, иқболинг,

Қўй! Минг марта ўлгандай бўлар!

 

 

 

                    Улоқ

(Ж.Усмонов хотирасига бағишланган

сайлда бўлган воқеа)

 

Қишлоқда кўпкари ташкил этилди,

Қаҳрамон ҳайкалига қўйилди гуллар.

Тумандан тумонат одам йиғилди,

Байрамдай безанди чанг босган йўллар.

        

Кўпкари бошланди пастқам сойликда,

Шижоат ва мардлик бўлди намойиш.

Маррага интилган ҳар бир отлиқда,

Устун келмоқдадир юксак бир хоҳиш.

 

Галма- гал маррага ташланар улоқ,

Совринлар эгасин топар бир қанча.

“Лоторея ” эълон қилинди шу чоқ,

“Жигули” қўйилган  эмиш ютуққа.

 

Одамлар интилди саҳнага томон,

Улоқ унутилди, тамом, вассалом!

Барчанинг қалбида умид - беомон,

“Жигули”  уники! Хулласи калом.

 

Воажаб, отлиқлар бўлишиб лак-лак,

Майдондан саҳнага отни солдилар.

Кўзларда чақнади ваҳший бир тилак,

Яёвлар андармон қараб қолдилар.

 

Бошланди пиёда ва отлиқ жанги,

Одамлар тошбўрон қилиб ташлади.

Човандоз юраксиз, отлар қирчанғи,

Лашкар чекинди-ю, қоча бошлади. . .

 

Ҳаммаси майли-ку, азалдан инсон,

Ҳавойи ҳисларга кўмилиб яшар.

Қадимдан шундайин бўлган, бегумон,

Отлиқу, пиёда   бисот талашар. . .

 

. . . Маррада пажмурда  улоқ оҳ тортар.

Одамлар “оломон” бўлиб, тарқалди.

“-О, мен ҳам човандоз эдим бир пайтлар!”

                                  Уфқларга тикилиб ҳайкал йиғлади. . .

 

 

Дўстим билан мулоқот

 

Сиғмаяпман муштдай заминга,

Самоларга талпинар кўнглим.

Юборибди СМС менга,

Андромеда тарафлик дўстим.

 

-Ишлар қандай?,- берибди савол,

-“О кей!”- дедим шартли белгида.

Ростин айтсам, тил бормас, алҳол,

Қолмай  дедим ахир кулгуга.

 

-Орол қандай?, -сўрабди мендан.

“Бу кулфатни қайдан кўрибди?!”

Жавоб бердим ўксиниб зимдан:

-Орол бугун лим-лим турибди!!!

 

-Оқибат-чи, оқибат қалай,

Дўст- ёронлар соғми ва омон?

Дедим: -Ариқ  тўла,  ана бир талай,

Оқиб ётар, меҳр-вафо, имон!!!

 

. . .Туғён жўшар маним қалбимда-

Саволларда жуда кўп сўроқ.

Менинг дардли жавобларимда,

Афсус, армон кўпроқ-да, бироқ . . .

 

 

 

          Маймун ўйини

 

Бир гап айтай, қулоқ тут бир пас,

Аламингни олма Дарвиндан.

Минг шукур қил, эшакдан эмас,

Тарқалгандир одам маймундан.

 

Исбот талаб қилмагин сира,

Ростин айтсам Дарвин ҳақ экан.

Маймун ўйин кўпайган сари,

Айланмоқда  маймунга одам!

 

 

 

                  Шайтанат

 

Вояга етгунча шайтон боласи,

Заминнинг остида улғаяр эмиш.

Ер  юзини кўрмоқ Шайтон наздида,

Бола тарбияси учун зарармиш.

 

Шайтонбачча қилиб  бир кун хархаша,

Отасидан  йиғлаб қилди илтимос-

-Дада, Ерни бир бор  қилай томоша,

 Ернинг юзасини  кўрсатинг бир оз!

 

Шайтон боласига раҳимдил, кўниб,

Ер сиртига олиб  чиқди  амаллаб.

Қуёш, осмон, ўрмон, сувларни кўриб,

Шайтонбачча бирдан  қолди  шайтонлаб!

 

-Булар нима?- дермиш, -Бу  гулзор, чаман.

-Булар-чи?- сўрармиш, -Булар-ми, дарахт.

-Ана-у  нимадир,  кўриниб  турган?

-Кўзни  юм!  У  ёққа  қарама бадбахт!

 

-Юринг, ўша ёққа борайлик бир пас!

Хархаша янада  чиқар  авжига.

-Йўқ, у томонларга бориш мумкинмас!

Унда Одам яшар. У ёмон жуда!

 

-Нега? Нега ахир?- Азалий савол,

Шайтончанинг ожиз ақли етмасмиш.

Шайтон жавобга шайланиб алҳол,

Шундай деб болага сабоқ берармиш:

 

-Одамлар ўзлари қилиб гуноҳлар,

 Ҳаммасида нуқул бизни айблайди.

 Аслида гуноҳкор, дўзахи улар-

 Бор айбни қилишиб бизга тўнкайди!!!

 

 

 

             Хонимга!

 

Ғимир-ғимирлаб кунинг ўтади,

Кеч тушмай ухлаб қоласан эркам.

Сенга термилиб тонглар отади,

Ухлаб қолади бўсаларим ҳам!

 

Мириқиб ухлайсан,  тонг ҳам отади.

Ғимир- ғимирлаб кун ўтар мана.

Сенга термилиб қуёш  ботади,

Бўзариб қолди бўсалар яна!

 

 

 

“MOSKVICH” эгасининг арзи...

 

Кўча тўла машина,

Сиғмайди тор кўчага.

“SPARK” га пул етмайди,

Алам қилади пича.

 

“LASETTI”  га етолмай,

Юрибмизда  овора.

“EPICA” нинг олдида,

“MOSKVICH” лар тоғора.

 

Шуниси ҳам бўлади,

Биздай майда чавоққа.

Кунимиз қолган ахир,

Қора чироқ, ўчоққа.

 

Ҳавас қилай дейман-у,

Ғурур қурғур қўймас йўл.

“MOSKVICH” ҳам минолмай,

Юрибман-да битта гўл!

 

 

 

Салом берсам

 

Салом берсам эй қизлар,

Алик олмай ўтасиз.

Айтинг яна қайси бир,

Шаҳзодани кутасиз.

 

Димоғингиз осмонда,

Хаёлингиз ҳар ёнда.

Бир бор қиё боқмайсиз,

Айтинг нега, биз ёнга.

 

Назар-писанд қилмайсиз,

Хаёлингиз “қуйруқда!”

Биз “ўпкани” нетасиз,

Чўнтагимиз қуруқда!

 

Палахмон тош дейдилар,

Аслида қиз болани.

Худо билар, ким узар,

Қирдаги гул лолани.

 

Танлаб - танлаб учраманг,-

Дейман, - яна тулкига.

Асло чидай олмайман,

Сиз қолсангиз кулгига!

 

Қайга тушманг майлига,

Кўнинг кўнгил зайлига.

Қаранг-да, қолманг яна,

Шоирнинг  уволига!

 

 

 

   Дўст бўлса...

 

Дўст бўлса- дўстлиги дўстона бўлса!

Севгилинг кўзлари мастона бўлса!

Дўст бир ён,

                Ёр бир ён,

                         Ҳаёт фаровон,

Гулларга кўмилган остона бўлса!

 

 

 

 

 

 

                                             

Категория: Мои статьи | Добавил: Раззок (21.06.2014)
Просмотров: 1601 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
 
 
Форма входа

Категории раздела
Мои статьи [5]

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

     

    Copyright MyCorp © 2024
    Создать бесплатный сайт с uCoz