ГлавнаяРегистрацияВход Р. А. САНГИЛОВ Сешанба, 21.05.2024, 03:20
  Каталог статей Приветствую Вас Гость | RSS

 
 
Главная » Статьи » Мои статьи

Муқаддас эҳтирос. Шеърлар.(Давоми 3)

                     Хом хаёл

 (Тинч океан бағридаги кимсасиз

 оролдаги хижина ҳақида достон)

 

Тинч океан баҳрида,

Минг чақирим нарида,

Битта орол бўлса-ю,

Унда икков бўлсаг-у:-

 

Бўлса битта хижина,

Хижинада жимгина.

Эртаю кеч термилсак,

Сен менга-ю  мен сенга.

 

Қирғоқларга  уриб тўш,

Қўшиқ айтса тўлқинлар.

Қалбга сиғмай эҳтирос,

Дилда ёнса ёлқинлар.

 

Суйсам сени хўп тўйиб,

Тунлар кунга уланса.

Лианларга бош қўйиб,

Диллар дилга боғланса.

 

Ўпаверсам юзингдан.

Бўлса нақш олмалар.

Бошимизда соя солиб,

Қарсак чалса палмалар.

 

Бу оламда биздан ҳам,

Бўлмаса бахтли инсон.

Тўйиб есак биз банан,

Хизматда бўлса арслон.

 

Ҳожатбарор мангуста,

Сув қайнатиб бир пасда.

Эрта тонгдан тўшакка,

Қайноқ кофе узатса.

 

Иккимиз ишқдан толиб,

Сувда сузиб қувнасак.

Дельфинларни от қилиб,

Қувлашмачоқ ўйнасак.

 

Қойил қолиб кашалот,

Завққа тўлиб  солса дод.

Ҳайрон бўлиб наҳанглар.

Деса:- Буни қаранглар!

 

Учиб ўтган қарғалар,

Ерга тап-тап қулашса.

Олқиш айтиб каккулар,

Минг бора куккулашса.

 

Одамсимон маймунлар,

Ўхшаб бир оз одамга.

Дарс олгани келсалар,

Сен ва менинг олдимга.

 

Ишқдан сабоқ ўргатсак,

Тамоми жонизотга.

Ҳатто харсанг тошда ҳам,

Ишқ уйғотсак ҳаётга!

 

О, қанийди, йироқда,

Минг чақирим нарёқда.

Битта орол бўлса-ю,

Унда икков бўлсаг-у: -

 

Бўлса битта хижина,

Хижинада жимгина.

Эртаю-кеч термилсак,

Сен менгаю, мен сенга!

 

 

  

Дўст ҳақида

 

Дўстинг чин дўст бўлса, асло сотмаса!

Иғво-бўҳтонлари тошдай ботмаса!

Бир сирни айтайми?

Ўша чин дўстдир-

Ёрингга сузилиб, гаплар отмаса!

 

 

 

 

                 

Тўнка

            (А.Ориповдан)

 

Туриб-туриб бир кун тўнка бошин қашлади,

Ва тўнкадай режаларни туза бошлади.

Деди виқор билан:-Қаранг мен, қандай буюкман,

Не-не чивин қумурсқага паноҳ, суюкман.

Кенг бағримда томир отган қанча замбруғ,

Ўйлаб кўрсам, оламда мен   ҳаммадан улуғ.

Биздақалар бу оламни турибди тутиб,

Дарахтлардан нимамиз кам, деди кекириб.

Арра-болта занг босганмиш аллақачонлар,

Ўзимизга қолган демак, энди замонлар.

Не қилсам ҳам қўлимдадир инон- ихтиёр,

Менинг йўлим тўсолгувчи энди ким ҳам бор.

Лабларида камтарона  кулгу, жилмаяр,

Дерди:-Олам гултожимиз, бизлар тўнкалар!

Сайлай ўзим учун битта зўр ўринбосар,

Зора ўсиб, катта бўлиб, ўрнимни босар.

Ҳеч бўлмаса ёмғир ёғса паноҳ бўлади,

Неки десам айтганимни жон деб қилади.

Шундай дея тўнка ширин  ўйларга борди,

Сўнг таваккал замбруғни сайлаб юборди.

Қарасаки ишлар тузук, даромад ҳам нақд,

Мушугини ’’пишт’’ демайди биронта дарахт.

Дарахтлар-чи ўсар эди осмонга қараб,

Тўнка эса борар эди оҳиста нураб.

Ёмғир ёғиб, қурт-қумурсқа сўрди қонини,

Замбуруққа худо берди, босди танини.

Чириб, ириб тўнка сингди ернинг бағрига,

Аслида  у  учраганди Оллоҳ қаҳрига.

 

Инсонларга сабоқ бўлсин, ушбу ҳақиқат:

-Тўнка ўтин  бўлишликка ярайди  фақат!

 

 

                 Наврўзим

(Наврўз қатоғон қилинган йилларда...)

 

Йўллар йўқолганда қайларда эдинг.

Қўллар қирқилганда қайларда эдинг.

Тиллар тилинганда қайларда эдинг,

Қайларда қолгандинг, қайда Наврўзим?

 

Машрабни Оломон осган маҳалда,

Чўлпон бўзлаганда қутқу, қамалда.

Номард керилганда ҳукми амалда,

Қайларда юргандинг, қайда Наврўзим?

 

Тарих яралганда афсона мисол,

Ғайри талаганда юртни бемалол.

Ёмонга камол-у  яхшига завол,

Кунда қайда эдинг, қайда Наврўзим?

 

Бировлар олкишлаб суяк отганда,

Жигарлар жигаридан кечиб сотганда.

Ўзлигин унутиб ўзбек қотганда,

Сен қайда қотгандинг, қайда Наврўзим?

 

Сени осгандилар арқонга боғлаб,

Юрак-у  бағрингни армонда доғлаб.

Ҳамон турибдилар оёғинг чоғлаб,

Кўзларинг қайдадир, қайда Наврўзим?

 

Тарсаки урганда Раънохон “отин”,

Эскилик сарқити бўлганда отинг.

Шўрпахта босганда Абдулла дўстинг,

Қайда бўзлагандинг, қайда Наврўзим?

 

Сен бугун дастурхон устида тотлиғ,

Сен бугун баҳона - сен Наврўз отлиғ.

Сенинг ҳам қўлларинг гуноҳ-ла боғлиқ,

Гуноҳкор юргандинг қайда наврузим?

 

Дарёлар қуриди, денгиз  қуриди,

Заминнинг захмига кимлар яради?

Деҳқонга ким, қачон, кулиб қаради?

Қайларда юрибсан, қайда Наврўзим?

 

Қўлда  бир қоп ёнғоқ, юракда армон,

Халқ бозорда кезар, сарсон, андармон.

Одамлар Ҳумони кутмоқда ҳамон,

Ҳумоқуш қайдадир, қайда Наврўзим?

 

Зўравон зўр эди, у зўрдир ҳамон,

Ўғрига кун туққин, ёнида наган,

Кечаги муттаҳам, бугун ишбилармон,

Инсоф ва адолат қайда наврўзим?

 

Қайда у диёнат, қайда софдиллик,

Атрофда макр, ҳийла, ҳамон сотқинлик,

Юракларда бўлсин десанг сокинлик,

Туғилмоқ лозимдир, қайта Наврўзим?!

 

Илоё, худойим берсину  тўзим,

Бахту-баркамоллик кўрсатгин ўзинг.

Раззоқ айтар куйманиб, юракдан сўзин,

Мени афу этгин, жоним Наврўзим!  

 

            Қизимга. . .

 

Тегирмони чархи фалакнинг,

Бошинг узра айланмоқдадир.

Сен билмайсан, умр бир савдо,

Карвонлари  толиб борадир.

 

Ҳориб, толиб умр карвони,

Залвор, залвор ўтади юриб.

Карвонларнинг изидан ёниб,

Қанча итлар қолади ҳуриб.

 

Биров ғамда, биров ғалвали,

Биров яшаб, беармон ўтиб.

Бировларни қувиб ажали,

Ўша тўйга  боради етиб...

 

Эй, сен мурғак, дунё бехабар,

Орзулари гулғунча қизим.

Дунё уммон, уммон бағридан,

Топиб олган танҳо юлдузим!

 

 

Илмий ходимнинг муҳаббати

 

Мирзачўлдан ё боғдан,

Майли, қирдан ё тоғдан.

Ажратайлик севгига,

Очиқ территория!

 

Сен доира мен карнай,

Бўлиб ғижжак-у сурнай,

Яратайлик кантата,

Ёки оратория!

 

Гапирмайлик жафодан,

Куйлайлик ишқ вафодан.

Ёлғончи туйғуларга,

Қўйиб моратория!

 

Қалбимизнинг тўридан,

Яратайлик зўридан.

Муҳаббат деб аталган,

Илмий лаборатория!

 

Юрак бўлсин қўш қарсак,

Ишқ қўшиғин куйласак.

Бўлсин севги куйига,

Дунё аудитория!

 

Бизга  айтиб офарин,              

Ҳайратда  қотсин олам.

Ўрис,  ҳинду  ва фаранг,

Лондон, Рим-у Париж  ҳам!

 

Кўролмаганлар  ғамда,

Ёмон  куйсин аламда.

Уларнинг асли жойи,

Дўзах, крематория!

 

Шириндир висол дамлар,

Қойил қолсин одамлар.

Дейишсинлар: -Бу севги,

Олий категория!

 

 

 

Муаллим

 

Асрлар илм нурин турган таратиб,

Сиз борки - бу дунё бахтдан лиммо-лим.

Сиздай буюк зотга камдир минг таъриф,

Ҳазрати Инсонсиз, асли муалим.

 

Илм-у фанни қилиб қалбимизга жо,

Бергансиз ҳаётга минг битта маъно.

Толиби илм учун  бўлган жон фидо,

Сизга бўлсин таҳсин, сизга тасанно.

 

Саодат Сизгадир, омад Сизгадир ,

Умр тилай Сизга, олмосдай пок, соф.

Сиз борсиз оламга саховат татир,

Сиз борсиз, ҳали бор имон ва инсоф!

 

Тилаб сизга бахтдан кошонаи тахт,

Шогирдлар номидан қилгумдир таъзим.

Шукроналар айтмоқ юрагимда аҳд,

Мадҳингизни Раззоқ  куйлар, муаллим.

 

 

Биз танлаган йўл

 

Қонимизда шайтон қўпган,

Қозон куя қўлимиз.

Молу-дунё  талвасаси-

Шу танлаган йўлимиз.

 

Зўр кеккайиб бермас салом,

Ёшлар эса бетамиз.

Йўқолмоқда асрий калом,

Таъма, нафсга асирмиз.

 

Ўша - ўша тўпоримиз,

Занг босгандай кунимиз.

Осмонда ой мунгли боқар,

Юлдузларсиз тунимиз.

 

Борди - келди ҳам омонат,

Айро тушган йўлимиз.

Ташвишимиз кўпдан-да, кўп,

Мол-дунёнинг қулимиз!

 

 

Таппига монолог...

 

Энди дўстим, ростин айтсам,

Олиб қўйиб дўппини.

Қишда совуқ қотмай десанг,

Ғамлаб қўйгин таппини.

 

Билсанг таппи гўнгдан бўлар,

Тап-тап  қилиб ёпасан.

Сандалига солиб қишда,

Мазза қилиб  ётасан.

 

Ичганмисан чойидан ҳеч,

Сув қайнатиб тафтида.

Ҳиди келса нима бўпти?

Ўзимизнинг таппи-да!

 

Свет-пвет, газ-паз ўчса,

Қайғу, ҳасрат чекмайсан.

Кун таппига  қолса дўстим,

Тақдирдан   қочолмайсан.

 

Таппи ясаш осон ишмас,

Билим керак бу ишда.

Таппи яса, кунинг ўтар,

Шу ҳам битта ташвишда!

 

Иқтисодда бир янгилик,

Ё,  яратиб қоларсан.

“Таппак-ҳаппак” бозорига,

Балки асос соларсан.

 

Кули тоза, экологик,

Ўғит ўзи таппидир.

Полизга сол, эрта  пишар,

Сабзи ҳамда помидор.

 

Отсанг бўлар жаҳлинг чиқса,

Ғанимларнинг афтига.

У шундайин улуғ нарса,

Қойил қолгин таппига!

 

   

 Маймуннома

 

Қадим-қадим  ўтган замонда,

Туронзамин ё Шом томонда.

Битта подшоҳ шодон яшаркан,

Шоирларин эъзоз этаркан.

Шоирлар-чи, жонлари ҳалак,

Бўлишаркан гирди-капалак.

Маддоҳлик хўп уларга одат,

Қай подшога ёқмас хушомад.

Саройда бир маймун бор экан,

Зийрак, доно, дастиёр экан.

Шоирларнинг шеърларин ёдлаб,

Қофиясин ўзгартиб, боплаб,

Ҳатто ажиб шеърлар ёзаркан,

Воажаб, бу шоҳга ёқаркан.

Бўлмаган-чун маймунда забон,

Мирза шеърни ўқиркан ҳар он-

-О шоҳим, сиз асил, бебаҳо!

-О шоҳим, сиз якка-ю, танҳо!

-О шоҳим, сиз доносиз, олим!

-Сиз ўзингиз кўкда оллоҳим!

-Саркардасиз, улуғ, буюксиз!

-Элпарварсиз, фозил, суюксиз!

Садоқат-ла ёзилган ашъор,

Ёқар шоҳга такрор ва такрор.

Кўнгли тоғдай кўтарилиб, шоҳ

Бутун халқни қилибди огоҳ.

Подшо амри бўларкан вожиб:

-Маймун бўлди тахтга муносиб!

-Энг зўр шоир шоирлар аро,

Энди маймун “маликушшуаро”!

Ҳайрат билан донишманд вазир,

Деди:-Зоти маймун-ку ахир?!

Жеркиб, қаҳр-ла деди шоҳ шу он,

-Мен айтдимми, тамом, вассалом!

Маймун тахтга ўтириб нуқул,

Ишлар қилди жуда номаъқул.

Сарой кетди ивирсиб роса,

Маймун қилмай қўйди муроса!

Ҳаддан ошди “маликушшуаро”,

Тахтда ҳожат қилди кун аро.

Охир подшо чидолмай қолди,

Вазирига маслаҳат солди:

-Маймунларга қолди кунимиз,

Айтгин, энди нима қиламиз?

 

Вазир деди, қилиб эҳтиром,

-Эй ҳукмдор, бўлди тахт ҳаром!

Йўқдир, тахтдан, гапнинг сараси,

Воз кечмоқдан ўзга чораси!...

... Шундан, халқда қолмиш адаб иш-

Зот-у, тахтин сўраш одатмиш…

 

 

             Шайтон насли...

(А. Ориповнинг “Одам ва Шайтон қиссаси”да

Шайтон боласини Одам Ато ва Момо Ҳавога

                едиртирган экан...)

Шайтон қони кўпирмоқда томиримизда.   

Нарса, пул,  тилла, долларнинг қувиб изидан,

Ҳар нарсага таъма билан боқмоқдамиз биз.

Виждон, иймон ва номусни сотмоқдамиз биз.

 

“Бер, яна бер ” деб қўлимиз чўзилиб қолдик,

Бермаса ҳол-у жонига қўймасдан олдик.

Ҳоким-у, ҳакимингни қўй, ҳатто  муаллим,

Шайтондай, ночор ошига чангални солдик.

 

“Ёрдам пули” олар  мудом, шаҳарнинг “бойи”,

Камбағалнинг  уйида йўқ гоҳида чойи.

Ака-ука, қўни-қўшни  бир- бирига, гоҳ,

Раво кўролмайди   ҳатто осмонда ойни.

 

Кимлардир ҳалол пул топиб ишрат қилади,

Кимлардир ҳаром пул топиб ҳижрат қилади.

Кимлардир шу онда  меҳрга, марҳаматга зор,

Наҳорга нони йўқ, виждонни сотмоққа тайёр.

 

Яшамоқдамиз иблиснинг салтанатида,

Қойил қолиб, макру-ҳийла ва талантига.

Азалдан бузилган насли Одам Атонинг,

Томиримизда оқмоқда, қони Шайтоннинг!

 

Барчасига айбдор эрур Абдулла шоир,

У кўплаб ашъор ёзган-да, шайтонга доир.

Шайтон боласини  ўтда қовурган ўша!

Одам Ато, Момо Ҳавога едирган ўша!

 

 

 

 Мармар сағаналар шаҳарчаси

 

Бордим, қишлоғимнинг қабристонига,

Баҳор чоғи қилиб қадам ранжида.

Азиз  онажоним  қабри пойига,

Бир даста гул  қўймоқ  ўй-илинжида.

 

Ажаб, ҳар томонда  уйлар сингари,

Мармар сағаналар турар сўппайиб.

Унда битикларни  ўқиган сари,

Вужудимда ҳайрат борди кўпайиб.

 

Бунда ўтганларга қўйилган ҳайкал,

Лекин, исми бордир тирикларнинг ҳам!

Ажиб сўзлар билан берилган сайқал,

Ким ўзар ўйиндай. Ҳа, ким-кимдан кам!

 

Бирида сурат бор, бирида жумла,

Тирикларга гўё  қилгандай таъна.

Турар гулли чойнак, коса, пиёла,

Мана сизга иззат, мана тантана.

 

Э воҳ! Қараб қолдим, анграб-анқайиб,

Барча қабртошлар тўла қасида!

Ёлғиз онам қабри қопти мунғайиб,

Мармар сағаналар шаҳарчасида!

 

 

 

Мувозанат

Кимнингдир осмонда учмоғи учун,

Кимлардир ерда ҳам юрмоғи керак,

Кимдир кошоналар қурмоғи учун,

Кимдир оддий уйда турмоғи керак!

 

 

 

Уддабуррон эшак ҳақида масал

 

Ўрмон аҳлин йиғди шер бир кун,

Ҳайвонларнинг қурултойига.

Фил-у айиқ , бўри-ю сиртлон

Ҳамма келди тахт-у пойига.

 

Сўз олди шер, ҳайвонлар шоҳи,

Кун тартибин айлади баён.

Муаммодан қилди огоҳ, у

Барча жимиб, тинглади шу он.

 

-Энди, дўстлар, ўрмонимиздан,

Дарё ўтар, кесиб ўртадан.

Кўприк қуриш лозим албатта,

Афсус, бизнинг имконимиз кам.

 

Гап шунда-ки, тахта йўқ бизда,

Биров бориб  Марказга томон.

Масалани ҳал қилсин тезда.

Шу кўприксиз ҳолимиз ёмон!

 

- Мен борай, - деб Айиқ сўз олди,

- Қойил қилиб келаман, - дея,

Марказ томон дарҳол йўл олди,

Шу кетганча  бир ой йўқолди.

 

Бир ойдан сўнг қайтиб келди у,

Афтодаҳол, жунлар патила,

- Ҳеч чорасин тополмадим-у,

Ҳал бўлмади, - деди, - масала!

 

Бўри деди: -Ўзим бораман,

Кўнглингизни қилаверинг тўқ!

Иш битириб қайтиб келаман,

Ахир, мендан олғир ҳайвон йўқ.

 

Бўри  қайтар бир ойда, қаранг,

Ҳоли чатоқ, жағлари синган:

- Иложи йўқ! Вазият таранг! 

Қолмади жой, мен учрамаган!

 

Ўрмон аҳли қолди шалвираб,

Шер бош эгиб, қайғуга толди.

Шунда Эшак аста шивирлаб:

- Мен борсам-чи, - дея сўз олди.

 

Ўрмон узра янграр қаҳқаҳа,

Ҳатто Шер ҳам мириқиб кулди:

- Аҳмоқ ҳайвон йўқ-ку сендақа,

Наҳот сенга кунимиз қолди!

 

- Ҳа энди,- дер, эшак ишшайиб,-

Карнайчидан бир пуф, ахир, ҳа!

Шундай қилиб,   боши қийшайиб,

Эшак кетди хизмат сафарга.

 

Воажабо, бир ҳафта ўтмай,

Келди тахта тўла эшелон,

Ҳайвонлар ҳам кутиб ўтирмай,

Ишни жадал бошлашди шу он.

 

Кунлар ўтди, кўприк ҳам битди.

Ҳануз тахта келар вагонда!

Эшакдан-чи  дарак йўқ эди,

Эс-Эм-Эс ҳам ёзмас аҳёнда!

 

Тўлиб кетди ўрмоннинг саҳни,

Тахта-пахта, темир-терсакка.

Шер Қуённи жўнатди: -Қани,

Бўлди, дегин, ахмоқ эшакка!

 

Эшак кепти, қўлида портфел,

Димоғи чоғ, ранги ҳам  тоза.

Шер сўрармиш, бадқавоқ, бадфеъл:

- Айт, сен қандай қилдинг муроса?!

 

- Бордим, Марказ тўла ҳайвонлар,

Гапим ўтмай чарчадим, толдим.

Бир хонада  эшак ўтирмиш,

Аста уни мен гапга солдим.

 

У дедим-у, бу дедим, охир,

Рози қилдим қўймай ҳолига.

У сўради: - Кўприк солинар,

Энигами ёки бўйига?

 

Ростин айтсам, ўзим билмасдим,

Етолмасдан  қолдим ўйимга.

Ўйлаб-ўйлаб, қотди-да бошим,

Ва таваккал дедим: - Бўйига! . . .

 

У ҳам ўйлаб турди-ю бир зум,

Шартта имзо қўйиб юборди.

Шартномани ювмоқлик учун

Ресторанга икковлон бордик. . .

 

. . . Хуллас, шеърга қилсак хулоса,

Бўлса ҳамки аччиқ, ишкалли.

Ўнта доно Арслондан кўра,

Битта Эшак яхши шекилли . .  .

 

 

“Аталма” шеърнинг туғилиши...

 

-Шеърларингда маъни йўқ ука,-

Ақл ўргатар муҳаррир акам.

-Образ қидир, раъйи шунақа!

Аталма ёз, Ватанга, халққа!

 

-Боғдан ёзгин, ё тоғдан ёзгин,

Дейди: - Қилгин ўхшатиш, образ!

“Ур-ҳо” сўзин кўпроқ ишлатгин,

Ёзгин, шеърда бўлмасин араз!

 

"Хўп"-дейман-у қаламим чайнаб,

Образ излаб,  олам кезаман,

Юрагимни қисаман  қийнаб,

Нетай, ишқий мисра сизаман.

 

“Севаман” деб ёздим, тўкиб тер,

-Севги қани?!- деди муҳаррир.

-Ишонмайман, қани “Ватан”,- дер,

-Сендан шоир чиқмас муқаррар!

                                   

Ўқиб кўриб дўстларим, ҳиссиз,

Дейишади: - Эриш барибир!

Шеърларим  чоп этолмай эссиз,

Умрим сарсон ўтиб борадир.

 

Образингни қайдан олайин,

У сотилмас ахир бозорда!

Излайман  мен  боғлардан, сокин,

Қалбим кезар  ғамда, озорда.

 

Афсус, бир сўз келмас  тилимга,

Илҳом қочиб кетар қайгадир.

Буйруқ бериб бўлмас дилимга,

“Аталма” шеър, бу ўзи, надир!

 

Маддоҳликми, мақтаб тоғ, ерни,

Сифат, сийрат билан чизилган?

Ном топмоқ-чун  битилган шеърми,

“Ватан” сўзи,  дардсиз  ёзилган?!

 

Ёзиб бир шеър: -Зўр шоир ёзган,

Десам,  –Қойил!- дейишар, - Сўзсиз!

-Ўзим ёздим, -десам, шу замон,

Шу ҳам шеърми?,- дейишар, -Тузсиз!

 

Саҳроларни кезаман беҳис,

Оч бўридай дайдиб, увиллаб,

Қолар қараб, мунғайиб, маюс,

Кўнглимнинг кўчаси ҳувиллаб...

 

...Мана, берган ваъдам ҳам битди,

“Аталма” шеър ёздим барибир,

Шеърим ўқиб, товуқдай титиб,

Нима деркан, бу гал  муҳаррир?

 

 

 

  Ҳақиқат. . .

Ғанимат  умримнинг азиз онларин,

Ғурбат хазонлари босдилар, эссиз.

Саробни қўл билан бўлмаскан тутиб,

Дунё оёғингга чўкмас экан тиз!

 

 

Ҳақиқат ҳақида ривоят

 

"Ҳақиқат- бу, ўзи нимадир?"

Тортишишиб, бир неча ўғлон.

Қуръа ташлаб, чек тушган ботир,

Дарров йўлга чиқибди шу он.

 

Айланибди дунёни сўраб,

Мағрибдан то Машриққа қадар.

Ҳақиқатдан йўқ эмиш дарак,

Кезса ҳамки, сарсон, дарбадар.

 

Ҳориб, толиб у кечга томон,

Бир қишлоққа кириб келибди.

Шу кеч тунаб, отганида тонг,

Қайтмоқликка қарор қилибди.

 

Жой сўрабди бировдан алҳол,

"Жой йўқ!"- дебди, уйнинг эгаси.

Башқасига борса  шу аҳвол,

Савоб керак эмас чамаси?

 

Ахир қишлоқ четида сўнгги,

Ташландиқ бир якка кулбада.

Кампир яшар экан бир ўзи,

Қари, кир-чир, кийим увада.

 

Йигит арзин айтгач, раҳм қилиб,

Жой беришга рози бўлибди.

Кампир ётар тўрда жой солиб,

Йигит пойгак жойда қолибди.

 

Йигит қалбин кемирар алам,

Уйқу келмас, безовта юрак,

Ўн саккиз минг олам кезса ҳам,

 Ҳақиқатдан йўқ ахир дарак!

 

-Дунё экан шунинг учун тор,

Ҳақиқатга  йўқ  экан  имкон.

Тортишибман, эсиз, мен бекор,

Ҳақиқатдан топмадим нишон!

 

Кампир сўрар: -Болам кўп тортдинг,

Бу дунёнинг ситам, жабрини?

-Безовтасан, ё сенинг дардинг,

Тён- Шондан, айтгин, оғирми?

 

-Ҳақиқатни юрибман излаб,

Асли экан у кўздан пинҳон.

Тополмадим уни сўроқлаб,

Қолмади мен кирмаган макон.

 

Тортишувда ваъда бергандим,

"Бор!"- дегандим, - "Бизда ҳақиқат!".

Тополмадим, минг афсус, бу дам,

Ортга қайтмоқ йўл қолди фақат.

 

-Эй болам-а  дунёда ахир,

Сарсон юрган битта сенмисан?

Ростин айтай, бўлса ҳам оғир-,

Ҳақиқат-Мен!... Мен ўша, менман!

 

-Қўйсангиз-чи,   мени масхара

Қилманг, сизга қандай манфаат?

-О, ҳақиқат шунча тасқара,

Хунук, қари ва шунчалар бад!?

 

Исбот қилиб кампир шу тобда,

Ҳатто ҳужжат кўрсатар, муҳрлик.

Ҳақиқатни  кўриб афтода,

Қайта ғамга ботибди шўрлик!

 

Ҳайратидан донг қотар бир пас,

Тилга келар зўрға калима:

-Ахир, бунга ҳеч ким ишонмас!

Айтсам ҳамма кулар ҳолима!

 

Мийиғида кампир кулибди,

Сўйлоқ тишин кўрсатиб бир-бир:

-Ҳечқиси йўқ , ким ҳам билибди,

Ўғлим, сен-чи, сен ёлғон гапир!...

 

...Бекор айтмас: - Ёлғончи дунё!

Ҳақиқат - бу битмас яродир.

Яхши деймиз гоҳо ёмонни,

Оқ деворни деймиз қародир!

 

 

 

Янги йил қўшиғи

 

Кириб келди янги йил ҳам, байрам муборак!

Янги йилда янги тилак, ният муборак!

Кўзларимни ололмайман сендан нигорим,

Гул бўйларинг сумбул, суман бўйдан иборат.

 

Ҳар ён гўзал, айём гўзал, диллар қувнасин,

Пок ниятли, тоза диллар, тиллар куйласин.

Қарсак чалсин ой-юлдузлар, дўстлар, ёронлар,

Гўзал қизлар даврасида гулим ҳам ўйнасин.

 

Қандай гўзал, қандай нозли, бугун арчамиз,

Ўкинмаймиз улғайсак ҳам, бир йил  гарчи биз!

Жумла олам омон бўлсин, янги йилда деб,

Ёр дўстларни табриклаймиз бугун барчамиз!

 

 

 

Қор хат

 

Оқ қор ёғди оламга,

Югуриб бордим холамга.

Холам деди: - Қор хат ёз,

Қорхат ёзсанг бўлар соз!-

Қўлга олиб қаламни,

Қўллаб ҳамма билимни.

Қор хат ёздим қизларга,

Кўкда ой-юлдузларга:

-Бугун юртда тантана,

Мактуб ёздим дўстона!

Қорхат сизга, марҳамат!

Энди қилиб бир ҳиммат.

Зўр бир полов ясайсиз,

Бу шартга сиз қалайсиз!

Бир дастурхон ёнида,

Дўстлар хонадонида.

Зўр ўтириш қилайлик,

Дилларни хуш этайлик.

Раис бўлади Тоҳир,

Полов ейишга моҳир.

Раззоқ чалсин рубобда,

«Лазги» ўйинга бопда!

Қор хат шартича албат,

Бизга қиласиз хизмат.

Хом қилманглар половни,

Оз-оз ёқинг оловни.

Ош тагига олмасин,

Гўшти ҳам кам бўлмасин.

Эрта оқшом тушганда,

Ширин полов пишганда

Холам қизи - Марҳамат,

Айтинг: - Ошга марҳамат!

 

 

 

Сенда хаёлим

 

Ишонгин ёр сўзимга,

Олам сиғмас  кўзимга.

Муносибсан ўзимга,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

Нақорат:

Эй юзлари ҳилолим,

Орзулари лиммо-лим,

Ақлим олди жамолинг,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

Дил лим-лим пиёладур,

Сен учун ҳаволадур.

Қўшиқларим ноладур,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

Сен кетасан ким билан,

Юрак-бағринг хун билан.

Мен қоларман тун билан,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

Сен билмайсан зоримни,

Бу дунёда боримни.

Суйгин Раззоқ, ёрингни,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

 

 

 Одам

“Ким бўласан?” - азалий савол,

Болалардан сўрар  онаси.

“Мен учувчи!” –мақтанар Билол,

Мен терговчи!” – гердаяр Насим.

 

Орзу деган сарҳадни билмас-

Жоврай кетди болалар шу дам.

Икки ёшли Сарвар бўш келмас:-

“Мен-чи!?

Мен... мен...

Бўламан ОДАМ!

 

 

 

"Узукдаги жин" фильмини кўриб...

 

Жинлар сеҳри аралашса, оилага, ҳаётга,

У берган  бахт, бахт эмасдир, у узоққа етмайди.

Бундай бахтни раво кўрманг на қариндош, на ётга,

Бари ёлғон, чин ҳаётда бунақаси бўлмайди!

 

Бойларга бахт кулиб боқса - бу узукнинг сеҳрими?

Камбағалга раво кўрмас, Жин саховат, меҳрини.

Бой бўлиш-чун тўкмоқ керак пешонанинг терини,

Ишонманглар, эртакда ҳам бунақаси бўлмайди!

 

На қилсин у, бир Жин бўлса  - камбағалга қайишмас,

Сирли узук бой қўлида, айлантириб қўйса бас!

Ҳатто фалон -  калонларни қилиб қўяр пилдирпис,

Ё раббано! Бу дунёда бунақаси бўлмайди!

 

Режиссёрга нима қайғу,  "кетмонми" ё  "табибми",

Заказ берсанг бажарар у,   сен  душманми, ҳабибми?

Сценарий - "қайнар хумча"  ва  егани кабобми?

Ишонманглар! Ҳеч оламда бунақаси бўлмайди!

 

 

 

 

Танқидчи эшак ҳақида.

 

Шер йиғибди ўрмон аҳлини,

Навбатдаги ялпи мажлисга.

-Бир топшириқ келган Марказдан,

Етказайлик эл-у улусга.

 

Топшириқнинг мазмуни шундоқ:-

Матбуотда танқид кам жуда!

Мажлисларда кўпдир қуруқ гап,

Маддоҳбозлик роса авжида!

 

Энди қуён дўст бўлсин менга,

Бўри ва қўй ўртоқ бўлишсин.

Тулки, хўроз ака-ю  ука!

Танқид сўзлар рўй-рост айтилсин.

 

Айиқ дебди: -Жуда тўғри гап!

Бўри қўйсин ёвузлигини.

Бўри айтар: - Тулки, энди сен,

Муттаҳамлик қилмагин, иним!

 

Тулки узрин сўрар хўроздан:

-Яратайлик дўстона муҳит!

Дардлар бир-бир айтилди обдан,

-Мушук  менинг дўстим!- деди ит.

 

Ҳамма завқдан, ҳовлиқиб, тошиб,

Танқид қила кетди бир бирин.

Эшак фикрин билдирди шошиб:

-Рухсат этинг, мен ҳам айтайин.

 

Танқид деган бошланар бошдан.

Мана шер-шоҳ, нафси кўп ёмон!

Тушлик чоғи бир ўтиришда,

Тўрт қуённи қилади гумдон!

 

Айиқ   жоҳил, қўпол жуда ҳам

Бўри қонхўр, бешафқат, ёмон!

Тулки эса жуда муттаҳам,

Товуқларни қийратар обдан!

 

Танқид юқоридан бўлар аслида!

Танқид ҳаёт учун бир нўхта!

Шундай бўлган азал-азалдан,

Ўз жойига қўйилсин нуқта!

 

Ўрмон бирдан жимиб қолибди,

Қумга бошин тиқар туяқуш.

-Бу эшакни не жин урибди?!

Нима, ақлин еганми, беҳуш!

 

Шер кулибди, дебди, тиржайиб:

-Мана буни танқид дейдилар!

Хуллас, мажлис аҳли жилмайиб,

Тушлик томон аҳил кетдилар

 

Ўрмонда  базм берилди шу чоқ,

Ҳамма  емак томон отилди.

Тушликка зўр овқат - қовурдоқ,

                Эшаквойнинг гўшти тортилди.

 

 

             Изҳор

 

Сиз мени севмадингиз...

Мен эса сизни...

Тақдир айро солдими йўлларимизни,

Билмадим мен. Ёки сиз билардингизми?

Сиз мени суймадингиз... Мен эса сизни...

 

Ҳувиллаб, қорайдилар осмонларимиз,

Тўрт томони қибладай  томонларимиз,

Йўлларда сочилди сомонларимиз,

Сиз мени демадингиз... Мен эса сизни...

 

Дунёлар тор бўлдилар, дардини ютиб,

Уммонлар зор бўлдилар, соҳилни қучиб,

Кўнгиллар  яшадилар, бир- бирин кутиб,

Сиз мени кутмадингиз... Мен эса сизни...

   

Буни  қаранг, дунёда яшаб тўйибмиз,

“Оҳ- воҳ”  қилиб, элликка кириб турибмиз,

Фарзандларга, ажабо, исмлар қўйибмиз,

Сиз менинг исмимни... Мен эса сизни...

 

 

   

             Дўстни кутиш. . .

 

Биз ёлғиз эмасмиз Галактикада . . .

Жонзод яшар эмиш Андромедада!

Тўйдим Заминдаги яхши-ёмондан,

Келса-ю бир хилқат ўша томондан!-

 

Дардимни айтсайдим, йиғласам қониб,

Бошимни кўксига қўйиб, ўкирсам.

Кетди ёлғонлардан  юрагим ёниб,

Сўнгсиз армонларим  сўйлаб ўтирсам!

 

-Дўст чуқур қазийди йўлимга нуқул,

Вафони билмайди мен севган санам.

Баъзан қариндошдан бегона  маъқул,

Оқибатни ўйлаб сирқийди сийнам.

 

Истеҳзо тош қотган  арбоб  афтида,

Жонга тегди бадгўҳар сўзлар.

Юрагим ёнмоқда, унинг тафтидан,

Эрир Кўҳи Шомда  мангулик музлар.

 

Итлар кўпайишган карвон йўлида,

Карвон кетмоқдадир  армонда тўзиб.

Мен қараб қолдим-а кимнинг қўлига?

Кимдир тош отмоқда менга теккизиб.

 

Чарчадим, сен томон кетайин учиб,

Сенга томон бир умр интилиб ўсдим.

Хаёлан  яшайман мен сени қучиб,

Ўша Андромеда тарафлик дўстим!...

 

Коинот қалбимга сингар. Бетоқат,

Бесамар хаёллар тегар меъдага.

Улкан Замин узра  мен танҳо фақат,

Дўст кутиб боқаман Андромедага!

  

 

 

                       Тунги “капалак”...

 

Гезариб ботган сўнг озорда қуёш,

Телба шаҳар кетар  сароб уйқуга.

Кимсасиз кўчани кезаман бебош,

Қалбимни кўмаман сирли туйғуга.

 

Қоронғи кўчада учрайди бир қиз,

Пинжимга суйкалар, мушукдай пусиб.

“Англадим, кўзингда аламли бир ҳис,

Бекорга чиқмадинг йўлимни тўсиб!”

 

Оҳиста ўтириб бўш скамейкага,

Титроқ лаблари-ла бошлайди “суҳбат”.

-Фалон сўм берасиз бир тунга ака!

“О, ташрифинг бунча совуқ муҳаббат!”

 

-Шўринг қурсин!- дейман, -Сенинг, эй  Лайли!

“Номус шунча хорми? Севги шарманда!”

Бу нима? Қисматми ё кўнгил зайли?!

Юрак кўкрагимда чалар чирманда!

 

-Ширин! Қайт бу йўлдан, қайтақол, - дейман,

Маъруза ўқийман унга тун бўйи.

Сўлиган армонларни қўзғагандайман,

Қиз унсиз  йиғлайди, бош эгган куйи!

 

-Кет,- дейман,- Бу саёқ , чиркин шаҳардан,

Сени кутмоқдадир, қишлоғинг, боғинг.

Умидин узолмай интизор ҳар дам,

Бола боқиб қолган турмуш ўртоғинг!

 

Шаҳд билан сўз қотар, лобар қиз шу  чоқ,

Ақиқ лабларида акс этар нафрат:

-Мен эмасман сенга  латта- ўйинчоқ!

Ҳўв, Домла! Отангга қилгин насиҳат!

 

-Оқариб ҳам қолди, бесамар  бу тун. 

Сен деб пулсиз қолдим, эй лаққи келбат!

Ўксик нигоҳ ташлаб, мен томон, секин,

Сокин кўча бўйлаб кетди Муҳаббат!

 

 

         Юлдуз

 

Бола эдим бир пайт, эдим беғубор,

Юлдузларга  чўзсам  етгудек  қўлим.

Билмасдим, дунёда дўст бор, ғаним  бор,

Билмасдим, бунчалар чағиртош йўлим.

 

Ширин орзуларга мўл эди ҳаёт,

Умримнинг энг масрур, шодон палласи.

Чорларди бағрига осмондаги ёт,

Сеҳрли юлдузларнинг  сирли шуъласи.

 

Тунлар  юлдуз билан сўзлашар эдим,

Қалбимни ёрардим қолганда севиб.

Чақноқ юлдузлардан нажот сўрардим,

Кимдандир юрагим кетганда совиб!

 

Яшадим бир умр юлдузим излаб,

Яхши, ёмонларга  эрмак ҳам бўлдим.

Гоҳида сенсираб, гоҳида сизлаб,

Қай бир телбаларнинг баҳсидан толдим. . .

 

Оқариб кўринар сўнгги чегара. . .

Кутмоқда интиҳо, келмоқда  якун.

Турибман, қаршимда тешик тоғора,

Ҳувиллаган фазо, кулба-и  сокин.

 

Ҳаёт тинч,  фаровон, эрким бегумон,

Янграр тирикликнинг шўх ашуласи.

Аммо, ҳануз чорлар мени беомон,

Олисдаги юлдузнинг хира шуъласи...

 

 

 

Итариш  кучи

 

Итариш кучини одамлар енгиб,

Воажаб, атомни бирлаштиролди,

Тортишиш кучини лекин, унутиб,

Юраклар бир-биридан йироқлаб қолди.

 

 

 

Шукрона

 

Яхшиларни алқаган,

Ёмонга ҳам кун  берган,

Қуёшлари балқиган,

Дунё, борингга шукур!

 

Баҳор, ёзинг ёқимли,

Куз, қишларинг сокинли,

Тонгинг отар ёлқинли,

Юртим, борингга шукур!

 

Оғир кунда  куюнган,

Яхши кунда суюнган,

Тўйларимда ўйнаган,

Дўстим борингга шукур!

 

Умидим,  бахтим, боғим,

Суянсам суяр тоғим,

Кўзим нури, қароғим,

Болам, борингга шукур!

 

Бойлигим, зарим, дурим,

Ҳаётим, йўғим - борим,

Умр йўлдошим, дилдорим,

Ёрим борингга шукур!

 

Дунё борингга шукур!

Юртим борингга шукур!

Болам, борингга шукур!

Дўстим, ёримга шукур!

 

 

                 Муаммо

 

Каламуш кўпайиб кетди дунёда.

Мушукларга ҳеч ким деёлмайди “Пишт!”.

Ер  шари юмалоқ, нечун у ҳолда-

                                          Ҳар бир бурчагида одам жиққамушт!?

 

 “Виждонли” одам

 

Сағанада ажиб битик битилмиш:

“Бу одам туғилди – шу он бўғилди”.

Одамлар ҳайратда- ҳайрон сўрармиш:

-Бу  одам ким эди, не учун ўлди?−

 

-Бу одам ташиди уйига тинмай,

Боламга деди-ю уйимга деди.

Хайрият ҳаммасин олиб кетолмай,

“-Менда ҳам виждон бор!”-, деди-ю ўтди.

 

Меҳнатдан қочмади, ишлади чунон,

Топганин  халққа ҳам бериб улгурди.

Тунлари бир лаҳза тин олмай ҳар он,

“-Менда ҳам виждон бор!”-, деди, югурди.

 

Атрофда нима бор, қуёш қаердан,

Чиқади  не учун,  қачон ботарди.

Иши ҳам бўлмади, фақат еб, ичди,

“-Менда ҳам виждон бор!”-, деди, симирди.

 

Ҳеч кимга озори тегмади, шўрлик,

Гоҳида яхши-ю  гоҳ ёмон бўлди.

Яшади  ғимирлаб, кўрмади хорлик,

“-Менда ҳам виждон бор!”-, деди-ю кулди.

 

Йиллар ҳам югурик, кетдилар ўтиб,

Арш-аълодан оллоҳ хабар юборди.

“-Энди мен кетаман, келди вақт етиб,

Менда ҳам виждон бор!”-, деди, жон берди. . .

 

Шоир ҳайрон турар,  фикрин йиғолмай: −

Шундай одамлар ҳам  майли, яшасин!

Фақат вақти келиб, пушаймон қилмай,

“-Менда ҳам виждон бор!”-, деб айта олсин!

 

 

Категория: Мои статьи | Добавил: Раззок (21.06.2014)
Просмотров: 2750 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
 
 
Форма входа

Категории раздела
Мои статьи [5]

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

     

    Copyright MyCorp © 2024
    Создать бесплатный сайт с uCoz