ГлавнаяРегистрацияВход Р. А. САНГИЛОВ Жума, 17.05.2024, 03:53
  Каталог статей Приветствую Вас Гость | RSS

 
 
Главная » Статьи » Мои статьи

Муқаддас эҳтирос. Шеърлар.(Давоми 2)

                Кечирган экансан

 

Ногоҳ тўқнаш келди бугун йўлимиз.

Ногоҳ ташрифингдан лол қолдим шу дам.

Ҳаёдан юзларинг бўлгунча қирмиз,

Сўнги машъум кунни ўтказдим ёддан.

 

Ўшанда, наврўзи- новбаҳор сабаб,

Энтикиб юзингдан бўса олгандим.

Оҳудай сесканиб кетгандинг абад,

Мен эса фироқда ёниб қолгандим.

 

Шундан буён эдинг, гўёки тангрим,

Ҳар наҳор этардим тоат, ибодат.

Зорим бор эди-ю, йўқ эди зўрим,

Ўйлардим, гуноҳим кечмайсан абад.

 

Бугунчи, қочмадинг мендан йироққа,

Лабдан сўндирмадинг табассумингни.

Ҳожат ҳам қолмади ҳеч бир сўроққа,

Кечирган экансан ўшанда мени!

 

 

Умр зайли...

 

Дўстлар, шубҳа билан чалғитманг мени,

Чуқурлар қазиманг умрим йўлига.

Хаспўшлаб беркитманг, яширманг уни,

Ёлғон-ла бошламанг армон чўлига.

 

Гапирманг! Тўйганман миннатингиздан,

Дунёнинг ғамини қилганман мен юк.

Чўтир дунём афзал жаннатингиздан,

Умидларим  буюк, орзуим  буюк.

 

Майли, кулаверинг, бера олгум дош,

Сўзингиз дардимга мингта дард қўшсин.

Майли, кўздан оқсин дарё-дарё ёш,

Фақат умидлардан бир парча қолсин:-

 

-Бахтимга  шу Умид бўлсин беланчак,

Сизни ҳам бахтиёр кўрайин, майли!

Баҳор либос бўлсин, орзу келинчак,

Шунинг ўзи яшаш, шу умр зайли...

 

 

 

Садоқат ва ғурур

 

Ёш интилиб олға беомон,

Ортда қолса суронли йиллар.

Олис юлдуз шуъласисимон,

Хира тортса дилда армонлар:-

 

Мен ёдингга тушсам, оҳиста,

Хаёлингга қўнсам бир нафас.

Дафтарингни варақлаб аста,

Шерларимни ўқигин бесас.

 

Ундан ахтар садоқатимни,

Излагин, топ ва қайта ўқи!

Ушалмаган орзулар ҳаққи,

Кўзларингга суртгин хатимни.

 

Лабларингга боссанг ҳам майли...

Аммо тақдир аччиқ, беаёв.

Орамизда ўтиб бўлмас ғов,

Сен эрк берган ғурур туфайли.

 

 

 

Ғазал

 

Сени гул дейинми ёки гулни,  сен,

Муҳаббат боғида ўсган гулми,  сен.

Ҳурмисан, нурмисан ёки марварид,

Ойнинг  юзидаги гўзал холми, сен.

 

Ширин орзуларинг ёқар юракни,

Бунчалар ширинасан, асал-болми,  сен.

Сўнгсиз хаёлларга дилимни ошно,

Қилиб ўртантирган, айт, хаёлми,  сен.

 

Лабларинг ғунчадек, қоматинг ниҳол,

Ҳаёдан юзларинг мисли олми,  сен.

Раззоқ ҳайрон турар, ишонмай кўзга,

Беҳиштданми  ё чиндан рўё ҳолми, сен.

 

 

 

 

             Боши боғлиқ қизгина

 

Умр деган дарё экан, қайтмас экан ортига,

Ўтган сайин тўлаверар армонлари, алами.

Қўмсар экан ёшликни дил, гул тутганин ёрига,

Муҳаббатдан сўз битаркан қўлда тутган қалами.

 

Мен ҳам бугун севиб қолдим, дунё экан басма-бас,

Ё илоҳий ишқ- муҳаббат деганлари шумикан.

Билмай қолдим, орзумикан ё экан ширин ҳавас,

Сени севиб қолганим рўёмикин, тушмикан.

 

Не аламки йўлим боғлиқ, қўлим боғлиқ менинг ҳам,

Сенинг эса бошинг боғлиқ, орзунг боғлиқ қизгина,

Ё тангримнинг кўзи боғлиқ, савдо солди бошима,

Орзуларга етмоқ учун умид боғлиқ қизгина.

 

Хомуш-хомуш кўрмоқдаман, юлдуз кўзинг чақнамас,

Кўзларингнинг тубларида чексиз армон кўраман,

Сен боравер борар еринг, бахтли бўлсанг ажабмас,

Ортингдан мен ёр-ёр айтиб, йиғлаб- йиғлаб тураман:

         

           Ёр -ёр айтиб ортингдан

           Кетгим келар ёр-ёр.

           Ширин, ширмой юзингдан

           Ўпгим келар ёр-ёр.

           Ширмой юзли қизгина,

           Боши боғлиқ қизгина.

           Бошгинамга бугун оғир

           Савдо солдинг қизгина.

           Борар уйинг остонаси

           Тилломиди ёр-ёр.

           Сени жондан севганимни

           Билармидинг ёр-ёр.

          Ширмой юзли қизгина,

           Боши боғлиқ қизгина...

 

 

 

 

                Сочингни бўябсан. . .

 

Сочингни бўябсан жоним, қарога,

Яна туз сепибсан эски ярога.

Шунчалар ёнганим озмиди сен деб,

Ишқингнинг домида мен мубталога.

 

Бу кўҳна муҳаббат сандиқда оқди,

Зуҳро кўз ёшида тош бўлиб қотди.

Юрагим ўт бўлиб дунёни ёқди,

Бир чора бормикин мен бедавога.

 

Вафолар изладим сенинг сўзингдан,

Мен бўзлаб йиғладим сенинг изингдан.

Умид чироқлари ёнсин кўзимда,

Сочларинг ўйнатиб келсанг сабога.

 

Сочингни бўябсан жоним қарога,

Яна туз сепибсан ўшал ярога.

Бу етти оламга бўлиб афсона,

Раззоқ севиб сени, қолди балога.

 

 

 

Оқ орзу

 

Тўлғонди ой. Оппоқ ой нури,

Оппоқ орзу бўлиб туғилди.

Юзим туйган нурнинг шуури,

Сенинг қўлинг бўлиб туюлди.

 

Совуқ юлдуз жимирлайди жим.

Само ҳисни ютгувчи аждар.

Сомон йўли- оппоқ орзуим,

Ҳисларимдай сархуш, дарбадар.

 

Бугун оппоқ кўйлак кийибсан,

Кетмоқдасан, эгилган бошинг.

Ҳижронларда куймайин десанг

Орзуларим обкет, оққушим...

 

Осмонда ой, мисоли оққуш...

Оққуш билан кетди ақл-у ҳуш...

 

 

 

 

Дардингни айт

 

Кўзимга боққин-у дардингни айтгин,

Бегуноҳ кўзларинг яширма мендан.

Дилингда не ғам бор, барини айтгин,

Мен сенинг дардкашинг бўлайин чиндан.

 

Кўзимга боққину, дардингни айтгин,

Дардингни дардимга қўшиб олайин.

Майлига сен бўлгин мағрур бир қайин,

Мен-чи, сенинг соянг бўлиб қолайин.

 

Кўзимга боққину, дардингни айтгин,

Дилда армонларга қолмасин ўрин.

Саробга йўғрилган  йўлингдан қайтгин,

Иккита сўқмоқдан танлагин бирин.

 

Кўзимга боққин-у  дардингни айтгин,

Бизсиз ҳам дунёнинг ташвиши  кўпдир.

Дунёларга завқ-шавқ  улашиб келгин,

Юраклар бир-бирига талпинаётир!

 

 

 

Кутиш

 

Ҳолимни сўргали келди саболар,

Осмондан ой тушиб келди сўраб ҳол.

Қафасда қуш мисол дил бўлди беҳол,

Сени кутдим. . .

 

Кунлар ўтди, тунлар ўтди бесамар,

Бағри чок оқшомлар беун тергади.

Деразам олдида юзим сарғайди.

Сени кутдим. . .

 

Тошга айланган балки дийдалар,

Ё юрак ўрнида бир халта зардоб.

Чокидан сўкилди аччиқ изтироб,

Сени кутдим. . .

 

 

 

 

Юрак - реактор

 (Чернобил-86...)

Бир гапим бор, кўнгил бугун не учундир чорлади,

Чернобилда реактормас менинг қалбим ёрилди!

Қават-қават бетон совут кийган  қалбим қафаси,

Бир зумгина қуюшқондан чиққан ДАРДга тор бўлди:

 

Инсон қалби реактордай- бетонлари қатма-қат!

Хўп эгилган, лек синмаган,  бетакрор у бир хилқат!

Тоғу-тошни  кукун этар унинг  дарди,  нафаси,

Ер ёрилгай юракларга сиғмаганда ҳақиқат!

 

Барбод бўлди табиатнинг баракаси, ҳавоси,

Авлодлар кўп симиргай бу  аччиқ, оғу  ҳавони.

Бугун кўкдан  томмас  оғу - Хлорат, Бутафоси,

Кўз ёш билан тўлмайди  лек, тўлса Орол поймони!

 

Тилимизни тутқазганмиз ва қўш қўллаб иймонни,

Борлиғимиз  тутқазганмиз биз ажнабий меҳмонга.

Тўхтамаса агар  юртни  талаганлар тўфони,

Совумайди ҳароратим, оро кирмас бу жонга.

 

Юртга келмас экан ўша- кўҳна ном-у  кўҳна шаьн,

Кўлин тортмас экан одам ўзига чоҳ қазишдан.

Юракка  тин бермас экан ёлғон сўзнинг жафоси,

Огоҳ бўлинг, эй одамлар, юраклар қизишидан!

 

 

 

Одамзод фалсафаси

 

Одамзод ўзидан қолмасин экан,

Бировга зор бўлиб, толмасин экан.

Ҳаётда ўзингга ўзингдан бошқа,

На дўст-у на душман бўлмасин экан!

 

 

 

 

Келинчак 

 

Қадам босиб оҳиста,

Кириб келдинг келинчак.

Ҳамма қарар ҳавасда,

Ой тутмоқда беланчак.

 

Янграйди шўх тарона,

Рақсга тушар қайнона.

Қизалоқлар ҳайрона,

Термилишар келинчак.

 

Куёв йигит мастона,

Бўйларингга парвона.

Ҳатлаб ўтган остонанг.

Қутлуғ бўлсин келинчак.

 

Оппоқ кўйлак эгнингда,

Ёру-дўстинг ёнингда.

Бахтли бўл ошёнингда,

Толенг порлоқ келинчак.

 

 

 

Мен севган қиз

 

Мен севган қиз қизларнинг-

Ўтакетган таннози.

Олмосдайин кўзларнинг,

Куйдирар таманноси.

 

Унинг ёнидан бир дам,

Кетолмайман узоққа.

Нетай бу ошиқ дилим

Қуш мисоли тузоқда.

 

Севар мени, топгандай

Гўё олтин конидан.

Шунинг учун бир ғариб,

Раззоқ кечди жонидан.

 

Мен севган қиз боланинг,

Жиндаккина бор нози.

Шахсий ишларимизга,

Дўстлар, бўлмангиз қози!

 

 

 

Тақдир азал

 

Насиб этмиш менга гулзор гулларининг нозлиги,

Асал лаблар таровати, ширин-шакар сўзлиги.

 

Қиё боқиб телба дилни ўртантирди, ёндирди,

Ул гўзалнинг латофати, дил торининг созлиги.

 

Ки, бу бахтдан сархуш бўлиб самоларга кўчар дил,

Ширин ҳиснинг қанотида ҳаволарда учар дил.

 

Тангри сени яратганми менинг учун воажаб,

Бўйларингдан минг ўргилиб, сарв қаддингни қучар дил.

 

Юлдузлардай йироқдасан, қўлим етмас бир гўзал,

Ногоҳ дилда ғунча очган сен илоҳий бир ғазал.

 

Умрим буйи этай майли, сенга тоат-ибодат,

Майли, ёнай мен ҳажрингда, шу экан тақдир азал!

 

 

 

"Брейк"ни кўриб...

 

Ҳайқирар мусиқа, лаҳатдай совуқ.

Ҳайратдан ёқамни тутдим,тилим лол.

Кимдир қийшанглайди, ғалати қилиқ,

Саҳнада "роботлар" ўйнар бемалол.

 

Бу қандай кўргилик, бу қандай ҳолат?

Шунчалар қашшоқмиди инсонда ҳислар!

Бемаъно кўзлар-у  телба ҳаракат,

Раққослар роботга тақлид қилишар!

 

Эшак ҳанграшидан завқланган эшак

Табиат кимсалар жим туринг бир пас:-

Ҳиссизлар тушолмас рақсга бешак!

Жозиба нелигин роботлар билмас!

 

Даврлар ғамини такрорламаса,

Ҳислар жунбушини этолмаса акс,

Инсоний қувончдан бўлса бехабар

Кимга ҳам керак бу- қилпиллама рақс?!

 

 

 

Бахт экан бу...

 

Ташвишларга, андуҳларга тўла бу олам,

Кўз ёшлари тўкилмоқда ҳатто тошнинг ҳам.

Аламзада бу дунёни унутиб бир дам,

Қучоғимда эриб, аста дединг: -Жонимсан!

 

Тарқаб кетди сўзларингдан олам андуҳи,

Юракларда янгради  шўх  севги навоси.

Шод бўлдим мен етганидан қалбингга оҳим,

Мен англадим яшамоқнинг  улуғ  маьносин.

 

Бахт экан бу- бу оламда инсон севилса,

Бахт экан бу- улуғланса севги чин дилдан.

Бахт экан бу- ошиқ аҳли битганда ғазал,

“Жонимсан”,- деб маьшуқалар энтикса чиндан!

 

 

 

Булут

 

Танҳо сайр этасан боғда субҳидам,

Кезасан гулларни рашкидан  ёқиб.

Насимий елларнинг хазин куйидан,

Завқланиб куйлайсан хуморли боқиб.

 

Ёмғир ташлаб ўтди бир булут бебош,

Оҳудай сесканиб қарайсан кўкка.

Томчилар киприкда мисоли кўз ёш,

Сен бунга бепарво, ғазабинг кўкда!

 

Жовдираб ўзингга излайсан ҳамдам,

Чашмингдан оқади тўлиб кўз ёшинг.

Гулдай дудоқларинг жуфтлайсан шу дам,

Ва ўтли карғайсан булут бебошни!

 

-Жонгинам, қилмагин булутларга дўқ,

Булутнинг ҳам мендай қўнар жойи йўқ...

 

 

 

Кетгин

 

Олиб кетма баҳорни,

Кетгин олиб ғуборни.

Ёлғизгина бошимга,

Ташлаб кетма  озорни.

 

Баҳор қолар мен билан,

Гулларини эьзозлай.

Муҳаббатнинг жарангли,

Овозига соз созлай.

 

Софлик қолсин мен билан,

Қўлларига гул тутай.

Соболарга ишқимнинг,

Таронасин ўргатай.

 

Озорингни олиб кет.

Этагингга  солиб кет.

Эьзозларим билмадинг,

Ўзга юртда  қолиб кет.

 

Кетгин олиб ғуборни

Кетгин олиб озорни.

Вафо қолар мен билан,

Сен  изла  ёт  бозорни.

 

 

 

               Аҳли ишқ...

 

Осмонга юзимни босгандим, ногоҳ,

Юлдузнинг қирраси юзимни тилди.

Юрагимни ойга осгандим, эвоҳ,

Аҳли ишқ қаҳ уриб ҳолимдан кулди.

 

Мен ёндим, тафтимдан олам бўлди кул,

Оҳимдан юлдузлар титраб, тинмади.

Юрак такрорлади номингни нуқул,

Аҳли ишқ бағри хун, дардим тинглади.

 

Юзимда кўз ёшим бўлди шокила,

Юракдан оққан қон оламни тутди.

Мажнунлар сафига қизил қон ила,

Аҳли ишқ лол қолиб, номимни битди.

 

 

 

Янги йилда ёғсин қор

 

Янги йилда ёғсин қор,

Орзулардай беғубор.

Янги йилда кўнглимда,

Муҳаббат-у, умид бор.

 

Қор ёғсин деб осмонга,

Мен боқаман умидвор.

Оппоқ қорда ёнбошлаб,

Сенга айтар гапим бор!

 

-Оппоқ-оппоқ қор бўлиб,

Самоларда учайин.

Учиб келиб оҳиста,

Қўлларингга қўнайин.

 

Қани эди қор бўлиб,

Қулоқларинг чимчисам.

Қалбингга қутқу солиб,

Тинчингни олиб қочсам.

 

Қор бўлиб эркаланиб,

Кипригингда ўтирсам.

Термилиб кўзларингга,

Майлийди чўкиб кетсам.

 

Қор бўлай-у беғубор,

Лабларингга қўнайин.

Эриб ўлсам майлига,

Мен садағанг кетайин.

 

Умидим бор, қор бўлиб,

Юзларингга суйкалсам.

Юзларинггни тафтида,

Эриб ерга тўкилсам.

 

Янги йилда ёғсин қор,

Орзуимдай беғубор.

Ёғсин қор деб осмонга,

Термиламан умидвор.

 

 

 

 

        Қуллуқ- қуллик эмасми?

 

Шўринг бор эй халқим, афтода халқим,

Бошингда шўришлар ҳамиша пайдо.

Донишмандинг хордир, нодонлар ҳоким,

Сени "қуллуқ учун" яратган худо.

 

Шўринг бўлмаса, айт, ўзинг оч қолиб,

Ўзгалар ғамини ўйлар эдингми?

Сен шўрлик бўлмасанг, кошона қуриб,

Гувала уйларда турар эдингми?

 

Бечора бўлмасанг эрта тонг туриб,

То ярим тунгача энкаярмидинг.

Ўзинг оч, боланг оч, бошда кир дўппи,

Йиртиқ ва ямоқдан тўн киярмидинг.

 

"Олтин қўл" деҳқоннинг ўрни ҳў, пастда.

Эгри қўл коржаллоб тўрда, сўз бермас.

Хордир устозларинг, қўлда обдаста,

Шогирдлар саломга лойиқ ҳам кўрмас.

 

Қанча доноларинг ўтказар кунин,

Келгинди меҳмонга тутиб мусаллас.

Йўясан барини "меҳмондўстлик"ка,

Улар-чи, устингдан кулар маст-аласт.

 

Мақташар, елкангга уришар хилла,

Эгилган қоматинг яна эгилар,

Минг найранг қилишар, ишлатиб ҳийла,

Шўр пешонангдан шўр теринг тўкилар.

 

"Псих..."лар соғларни даволар бугун.

Фолбининг фол бичар, сен эса гўл, лол.

Йўлларда қароқчинг, қўлида наган,

Қонун номи билан талар бемалол.

 

"Фолбинлар Оролга ёғдирар ёмғир",

"Учар ликобчалар олиб келар ош",-

Десалар турибсан оғзингни очиб,

Шунчалар гўлмисан, борми сенда бош?

 

"Союз" қозонига қўй гўшти солиб,

Кемирчакни овқат билган "фидо"сан.

Газингни, пахтангни, тиллонгни олиб,

Кетганларга қуллуқ қилган гадосан.

 

Қотган нонинг бўлса хурсандсан, эвоҳ,

Қуллуқ ҳам қиласан ўтган кунингга.

Сен буюк ТОЪБЕсан, худодир гувоҳ,

Ўзбегим ўзлигинг унутганингга!

 

Шоиринг мақташдан бўшамас қўли.

Ёзувчинг эртаклар тўқийди ҳануз.

Исполком савдогар, райком доғули,

Тўнка раҳбарлардан умидингни уз!

 

Арбобларинг маддоҳ, суяк берсанг бас,

Яланиб умри ҳам таьзимда ўтар.

Эсига тушмайсан сен ҳатто бир пас,

Ғафлат уйқусидан бошингни кўтар!

 

Дининг талошдир, имон ўрисча,

Пахтанг сув текин-у  сен кафанга зор.

Исёнкор бўлмоғинг керакку пича,

Сендай хокисор эл қай оламда бор!

 

Бу юртда баъзилар икки онали,

Икки миллий тилли гибридлар бордир.

Ўликларни гўрдан тургазиб, ҳатто,

Ўрнига ётишга тайёрлар зордир.

 

Каззобнинг гапи ҳақ, қилмиши ҳам ҳақ.

Халқим бойликларинг ҳамон талонда.

Барига чидайсан о, бардошли халк,

Кунинг қолса ҳамки патта-талонга.

 

Навоий чеҳраси ҳамиша маъюс,

Тақдирингни кўриб турганмиди у.

Лаганбардор Қори-Ниёзий боис,

Тилингни аросатда кўрганмиди у?...

 

Бугун ташвишдаман, ўйларим оғир.

Дилафгор сўзладим, келганда фурсат:

-Қуллуқ қилмоқликдан кечгин-да халқим,

Бошингни тик кўтар!Ўзлигинг кўрсат!

 

 

 

 

Афсона ёхуд хотинга монолог…

 

Бор эканда йўқ экан,

Оч эканда тўқ экан.

Етти иқлим томонда,

Қадиммас, шу замонда.

 

Бир мамлакат бор экан

Ҳамма бахтиёр экан.

Аёллар хуш табиат,

Эркаклар арслон келбат.

 

Болалар хўб шод, эркин,

Юрт жуда обод, кўркам.

Чеҳраларда шўх кулгу,

Бу ўлкага ёт қайғу.

 

Уй-у  рўзғор ташвиши

Билан бўлмас эр иши.

Барин аёл қиларкан,

Болаларга қараркан.

 

Эр келгунча уй йиғиб,

Болаларни тўйғизиб,

Дастурхон ҳам тузаркан,

Интиқ кутиб тураркан.

 

Қўғирчоқдай кийиниб,

Келинчакдай ийманиб,

Эрига чиқиб пешвоз,

Дер, ерга қараб бир оз:

 

-Келдингизми, дадаси,

Чарчагансиз чамаси,

Қийналдими жонингиз,

Ҳоли паришонингиз?

 

Мен қўмсаб кутдим сизни,

Ўтказдим-у кундузни,

Сиз ёқтирган половни,

Оз-оз ёқиб оловни.

 

Пиширганман зўр қилиб,

Еб олинг ҳузур қилиб!

Қўлга тутиб обдаста,

Ювинтирар бир пасда.

 

Эрнинг кўнгли чароғон,

Юрар ошхона томон.

Аёл бўлиб мисли ой,

Пиёлада тутар чой.

 

Эр мамнун жилмаяркан,

Чарчоғин унутаркан.

Хотин бахтиёр экан,

Эркак мададкор экан…

 

...Яна отар экан тонг,

Кунлар шундай ўтаркан.

Эркак топиб келганин,

Аёл ўзи эпларкан.

 

Юртда етим йўқ экан,

Ҳамма пўрим, тўқ экан.

Ажралиш катта гуноҳ!

Ўзим бўлганман гувоҳ!-

 

Чидолмасдан битта эр,

Пешонам экан деб шўр,

Қозихонага борибди,

Дардин шундай ёрибди:

 

“-Ишлайди бизнинг хотун,

Доно, гуё Афлотун.

Эрта тонгдан туради,

Мокидай югуради.

 

Ишга бориб келади,

Ташвиш ортиб келади.

Бу ёқда болалар оч,

Юрар ифлос, яланғоч.

 

Уй бўлмайди саришта,

Гўё қочган фаришта.

Келсам агар мен ишдан,

Оғир-оғир юмушдан.

 

На чой тутар, на овқат,

Чарчадим, дейди фақат.

Овқат қани, десангиз,

Оласиз насибангиз:-

 

“-Мен ҳам сиздай ишлайман,

Асло тиним билмайман,

Шўрим бўлмаса сизга,

Шундай сурбет юзсизга,

 

Турмушга чиқармидим,

Ё куним кўрмасмидим.

Олинг қўлга супурги,

Қўлга чиқмас куйдирги.

 

Бир оз уйда иш қилинг,

Азобимни сиз билинг.

Чойга ўзингиз қаранг,

Чарчадим, бошим гаранг.

 

Дам олайин мен пича,

Сиз овқат пиширгунча!”

“-Битта гапга ўнта гап,

Отар худди автомат.

 

Ишлама, десам қани

Тайёр мени бўққани!

Чунки у “тенг хуқуқли”

Биз гўё унинг қули.

 

Асаблар доим таранг,

Шу ҳам ҳаётми, қаранг?

Қози бобо қутқаринг

Адолатли амр қилинг!”

 

Қози  тушиб орага,

Энг одил муросага

Аёлни кўндирибди

Ўрнини билдирибди.

 

У дебди: “- Бил, уй ишин,

Эпласин хотин киши.

Зарурмиди сенга иш,

Помирдай оғир ташвиш.

 

Ўтиргин-да сен уйда,

Эр юрсин кўча-куйда!

Эр дегани мой топсин,

Хотини чироқ ёқсин!”

 

Ажримни билиб одил,

Хотин бўлибди мойил.

Сақланибди оила,

Қалай, зўрми? Қойил-а?

 

-Гапим эмас афсона,

Ёлғондан йўқ нишона.

Мана, худо хоҳласа,

Ўзингиз қилинг хулоса!

 

Биз ҳам етиб шу кунга,

Эрк берайлик хотинга.

Оғир юмушдан халос,

Бўлсин, яйрасин бир оз.

 

Оила чироғини,

Ёқсин аёл ҳамиша.

Сақлаб кўз қароғини,

Юрсин аёл ҳамиша.

 

Оғир меҳнат эрга тан,

Тангри шундай яратган.

Аёллар озод бўлсин,

Аёллик ишин қилсин.

 

Аёл бўлсин бахтиёр,

Толе унга бўлсин ёр!

Бахтинг кулсин деб, хотин,

Раззоқ битди шу байтин!

 

 

 

 

Моҳим дедим...

-Моҳим!,- дедим сенга қараб,

Аста кулиб,-Оҳ, - дединг.

-Назар солманг ўтлар қалаб,

Ака, кўнглим оқ, - дединг.

 

Умринг фақат оқлик бўлсин.

Ёруғ бўлсин йўлинг ҳам.

Анвойи ис анқиб турсин,

Гул-у сумбул бўйингдан.

 

Маъшум тақдир шумлик тўқиб,

Жудо қилса нетарман.

Дунёсига лаънат ўқиб,

Жаннатидан кечарман.

 

Қани эди - ой юзингга,

Мудом турсам термилиб.

Кўзларингнинг энг қаърига,

Майли кетсам кўмиллиб.

 

Орзуим шу – бахтим тўлиб,

Тургин  мудом  ой  бўлиб.

Жамолингга мафтун бўлиб,

Оқиб ётай  сой  бўлиб!

 

 

 

Муаммо

 

Ўн саккизда  билдим дунёни,

Ўн саккизда ишқ тутди қалам.

Бахтга тўлди менинг ҳар оним,

Ўн саккиздай кўринди олам!

 

Йиллар ўтиб интизор,  муштоқ,

Ўттиз ёшга етганимда ман,

Атрофимга қарасам бундоқ,

Ўттиз ёшга киргандек  олам!

 

Муаммолар ичра муаммо! -

Қизиқ хаёл келди бошимга:

-Эллик ёшдан ошдим, бугун, воҳ,

Дунё  яна менинг ёшимда!

 

 

 

 

Айрилиш...

 

Киприкларинг қадама менга,

Керак эмас мунгли табассум...

Кел, майли, бош эгиб жимгина,

Ёнгинамда  ўтиргин бир зум...

 

Тун тугади, бошланмоқда кун,

Сен тинглагин унсиз,  сўзимни.

Айро йўлдан кетмоқдамиз-ку...

Жовдиратма қаро кўзингни...

 

Тинч қўй дунё ғалваларини,

Умр йўли ҳадсиз ва узун...

Тотиб туз-у  ҳолваларини,

Шу қисматга дуч келдик бу кун...

 

Қўй, лабларинг қимтима бекор,

Қўй, юраклар ўзи гапирсин.

Мана, баҳор келмоқда такрор,

Қўй, дилларда  умид мавж урсин!

 

 

 

Пирим билан диалог

-Дейдилар, осмонга тош отма, бўтам,

Шамолга қарши  ҳеч  уфурма, бўтам.

Илло, худо ўзи  берур жазосин,

Бетингга туфурсалар - қайғурма, бўтам!

 

-Парво ҳам қилмайман, келмайди қаҳрим,

Итлар ҳураверсин, карвонга надир.

Аммо, алам қилар экан-да, Пирим,

Ҳар куни бетингга тупурса кимдир!

 

 

 

Аёл

 

Бу табиат сизни гўзал,

Тароватли яратган.

Барча мардум нигоҳини,

Ортингиздан қаратган.

 

Сиз деб Бобур ҳам Навоий,

Муқумийлар шеър бичган.

Тоғ қулатган Фарҳодлару,

Спартаклар жон кечган.

 

Сиз Лайлисиз- Муҳаббатсиз

Ошиқ диллар ороми.

Сиз Тўмарис- сиз бергансиз,

Шоҳ Доронинг қиронин.

 

Сиз бир қўлда бешик тутиб,

Бир қўлда дамлаган ош.

Ер  ўқига елка тираб,

Айлантирган қаламқош.

 

Меҳрингизчи, бирам ширин,

Мингта жон ҳам садақа.

Бу оламда  топилмайди,

Жонфидойи  сиздақа.

 

Мадҳингизни канча айтсак,

Дилда шунча ғулғула.

Қўлда тутдик сиз-чи бошга,

Чиқволдингиз бир йўла.

 

Эркаклардан нимамиз кам,

Дея отга миндингиз.

Амал, тож-у тахтни дея

Ҳаловатдан кечдингиз.

 

Ортимиздан сиз эргашиб,

Фазога ҳам  чиқдингиз.

Тунлар бедор йўллар пойлаб,

Рашкдан куйиб ёндингиз.

 

Сиз ғазабга минган чоқда,

Ерда  ҳаёт тўхтайди.

Қонлар қотиб томирларда,

Дилда инфаркт қўзғайди.

 

Қилиб қўйсак номақул иш,

Бўлар қиёмат-қойим.

О, ҳаттоки Алпомиш ҳам,

Бўлиб қолар мулойим.

 

Бошимизда гиргиттонсиз,

Босган қадам ҳисобда.

Шу сабабли тушмаганмиз,

Ҳали  Қизил китобга!

 

 

 

 

         Ялла

 

Олмача-ю олингдан,

Юзингдаги холингдан.

Акагинанг айлансин,

Лабингдаги болингдан.

 

Жоним қочма йироққа,

Ташлаб мени фироққа.

Мен қайдин тушиб қолдим,

Севги деган тузоққа.

 

Сув келади шириллаб,

Совчи қўйдим ғириллаб.

Дадангга айт совчиларни,

Қайтармасин ириллаб.

 

Сен гулзорнинг бир гули,

Булбул  гулнинг нақши-я.

Даданг олиб берсин тўйга,

Битта жонон “Нексия”.

 

 

 

        Япроқ ҳақида баллада

 

Осмонга осилиб турган тераклар

Шохида арғимчоқ учар Оймўма.

Тераклар остида ҳислар шивирлар,

Шивирдан яралди аҳд-у паймона.

 

Ажиб сирлар гувоҳи япроқлар шодон,

Пичирлаб уйғотди борлиқ самони.

Ногоҳ, огоҳ бўлиб Ойсанам сирдан,

Дардлашгани кетди  Юлдуз томон у.

 

Тинмади тонггача шивир-шивирлар.

Оламга сир ёйиб Сабо ҳам толди.

Эҳтирос қўйнида яралган сирлар,

Ҳар Япроқ қатида ёзилиб қолди.

 

Япроғи қатида асраб, авайлаб,

Бу сирни эъзозлаб юксалди Терак:

-Юлдузга айлансин токи орзулар,

Осмон пештоқида турсин ялтираб!

 

-Истагим, одамлар бўлсинлар воқиф,

Оламни қучганда бир ажиб шивир.

Турсинлар нигоҳлар осмонга боқиб,

Ошиқлар оқшомлар яратганда сир.

 

Ҳақ кўп, ҳақиқат кам, ҳаёт кўп оғир,

Эҳтиросни тубсиз уммон деб бўлмас.

Баъзида Севги ҳам бўлгуси охир,

О, мағрур Тераклар бу ҳолни билмас!

 

Тераклар билмайди- дўст бор, ёвуз бор,

Ёмонлик уруғи  ҳали  ўлмаган.

Япроқларни узиб отгувчи Куз бор,

Дунёдан севгининг кўнгли тўлмаган.

 

Япроқлар бу-ҳислар ёзилган дафтар,

Бевафо Шамоллар титди-ю отди.

Қуриган армонларни кўриб дарбадар,

Осмонда Оймўма тош бўлиб қотди!

 

Сўнгги орзуларни сўнгги япроққа,

Битди-ю, юксакларга интилди Терак.

Ҳайқирди нолиши кетди йироққа:

-Бу УМИД юлдузи бўлиши керак!

 

Ингради, тўлғанди, қақшади титраб,

Шамолда чирт этиб узилди япроқ.

Оймўмага қараб қолди мўлтираб,

Қўллари осмонга чўзилган Терак!

 

 

 

 

Сенда хаёлим

 

Ишонгин ёр сўзимга,

Дунё сиғмас кўзимга.

Муносибсан ўзимга,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

Дил лим-лим пиёладур,

Сен учун ҳаволадур.

Бутун олам ёнадур,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

Сен кетасан ким билан,

Юрак бағринг хун билан.

Мен қоларман тун билан,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

Сен билмайсан зоримни,

Бу дунёда боримни.

Суйгин Раззоқ ёрингни,

Сенда фикр-у  хаёлим.

 

 

 

 

                 Никоҳ аукциони

(Қайта қуриш давридаги газеталарда босилган  

эълонларни ўқиб...)

 

Никоҳ бозори хўп кетмоқда қизиб,

Муҳаббат баҳоси бунда ўн тийин.

-Кеп қолинг, армонда кетмангиз қолиб,

Хотинли ё эрли бўласиз тайин.

 

-Сизга ёшроғими? Феъли хўп яхши.

Худди фариштадай, жуда болажон.

Ҳеч бир  нуқсонсиз, зўр юриш- туриши,

Арзийди унинг-чун кечсанг мингта жон.

 

-Сизгачи акажон? Оқ танли бўлсин?!

Ўзингиз қопқора ҳабашдайсизку!

Ҳа, пулингиз кўпми? Кўнглингиз тўлсин

Мана, марҳамат! Қутлаймиз сизни!

 

-Сизга бувижон эркак керакми?

Ўттиздан ошмасин ёши дейсизми?

Розимисиз бўлса ароқхўр? Йўқми?

Э, ойнага қаранг, пенсадасизку!

 

-Сизга уй-жойлими? Тўғриси, ака,

Токай вокзалларда тунаб ётасиз?

Бу жувон уй-жойли, иссиқ тўшакли,

Ўн бир боласига энди отасиз!

 

-Ҳўв, бола! Нега сен қиласан араз?

Копток ўйнашингга дугона йўқми?

Ҳозирча бу ишга ёшроқсан бироз,

Дардингни отангга айт ука, хўпми?

 

-О, хоним! Хуш кўрдик! Сизга арслондай,

Гавдали бўлсинми ва ювош итдай?

Фақат бир оз сўқир экан бу одам,

Эси ҳам жойида эмасдай қиттай!

 

-Марҳамат кеп қолинг!  Бозор хўп чаққон.

Мазкур соҳада ҳам қилдик бурилиш.

Фаросат, бўй, билим, сумбат, тирик жон,

Ошкора савдода!  Зўр қайта қуриш!

 

 

 

 

Қаламқош

 

Олма-анор юзларинг,

Ширин-шакар сўзларинг.

Соғинтирда кўзларинг.

Қайдасан, эй қаламқош.

 

Висол бўлди тилагим,

Тополмай мен ҳалагинг.

Сенсан қалбим малаги.

Қайдасан, эй қаламқош.

 

Ой юзлигим, нозлигим,

Бол сўзлигим, созлигим.

Қалби баҳор, ёзлигим,

Қайдасан, эй қаламқош.

 

Қайрилма қош, қора қош,

Ҳажрингда кўп тўкдим ёш.

Қолмади танда бардош,

Қайдасан, эй қаламқош.

 

   

 

 

      Чор пора

Юрагимни мен тўртга бўлдим:

-Бири сенга,-дедим, - Ма, Дардим!

Ишққа бердим, Орзуга бердим,

Ва бирига Қалам тутқаздим!

 

 

 

 

       Аёлга  монолог  

Неча кундир сураман хаёл,

Ўртамоқда мени битта дард:

-Озод бўлмас эдингми аёл,

Бўлмаганда саккизинчи март?

 

Ким бўққанди сенинг эркингни,

Ким қилганди уни занжирбанд.

Тенг ҳуқуқли бўлмас эдингми,

Бўлмаганда саккизинчи март?

 

Қоматингда дағал коржома,

Раво кўрди  о, қайси номард.

Йўқмидди ё эркдан нишона,

Бўлмаганда саккизинчи март?

 

Уй тўрини ё кам кўрдингми,

Бахтли турмуш эмасмиди нақд.

Ё фарзандлар туғилмасмиди,

Бўлмаганда саккизинчи март.

 

Ким топширди бозор ташвишин,

Кимлар деди меҳнат сенга бахт.

Қийинмиди оила иши,

Бўлмаганда саккизинчи март?

 

Тракторга миниш не керак,

Чўллар қувмоқ эдими ё шарт.

Бўлмас эди сочлар жувонмарг...

Бўлмаганда саккизинчи март.

 

Эркаклардай миниб шитобга,

Керакмиди сенга тилло тахт.

Тушармидинг Қизил китобга,

Бўлмаганда саккизинчи март?

 

-Оғир меҳнат тагида қолдинг,

Озод бўлмоқ учун келди пайт.

Шўр қисматни кўрмас ҳам эдинг,

Бўлмаганда саккизинчи март!

 

Аёл, ўзинг муқаддас ҳамон,

Аёл, ўзинг кошонаи бахт.

Эркингга мен келтиргум имон,

Бўлмаса ҳам саккизинчи март!

 

 

 

 Лапар

 

Йигит: Эй, гўзал қиз, гўзал қиз,

Хуморингиз бўлибман.

Гулни баҳона қилиб,

Ёр кўргани келганман.

 

Қиз: Барно йигит, мард йигит.

Хуморингиз тутмасин.

Гулни баҳона қилманг,

Уйда ёрингиз кутмасин.

 

Йигит: Юринг қирга чиқайлик,

Лола гуллар терайлик.

Лолазорда айланиб,

Етаклашиб юрайлик.

 

Қиз: Мен қирларга чиқмайман,

Лола гуллар термайман.

Аягинам урушади,

Етаклашиб юрмайман.

 

Йигит: Гул гўзалми, сиз гўзал,

Гуллардан ҳам сиз гўзал.

Эй, гўзал қиз, лолақиз,

Сизга ёзай шўх ғазал.

 

Қиз: Гўзаллигим биламан,

Мен гуллардан аъломан.

Қалбим чинни пиёла,

Билинг сақлай оламан.

 

Йигит: Даста гуллар терайман,

Қўлингизга берайман.

Сизни, лола гулимни,

Ҳеч кимларга бермайман.

 

Қиз: Қалбим чинни пиёла,

Муҳаббатим - гул лола.

Агар чиндан севсангиз,

Қалбим сизга ҳавола!

 

 

 

        

Тинган қўшиқ...

 

Умрим бу- умр эмас  деб,  сенсиз

Яшаб  ўтдим оламдан ҳиссиз.

Қалбим фарёд кўтариб сассиз,

Тинди бугун менинг қўшиғим...

 

Ўтди қанча юлдузли онлар,

Шон-у  шуҳрат, мартаба, бонглар.

Ўтди қанча уйқусиз тонглар,

Тинди бугун менинг қўшиғим...

 

Таъналардан қуриди тинкам,

Хиёнатлар ўртади таним.

Дунё бир кўп, гоҳ бир кам экан,

Тинди бугун менинг қўшиғим...

 

Дўстлар бир-бир сотиб кетдилар,

Маломатлар отиб кетдилар.

Юрагимга ботиб кетдилар,

Тинди бугун менинг қўшиғим...

 

Яна қайта тирилмоқ учун,

Рост ҳислар-ла  туғилмоқ учун,

Қайта- қайта яралмоқ  учун,

Тинди бугун менинг қўшиғим...

 

 

 

 

Фалсафа

 

Дунёда душман кўп, дўстларинг камдир,

Нодоннинг кечмиши ҳамиша ғамдир.

Кимнингдир чоҳ қазиб ўтмоқда умри,

Кимгадир бахт тилаб яшайди кимдир...

 

 

 

      Сен кетгансан

 

Баҳорнинг йўқ ҳеч таровати,

Тентирайди бещукуҳ ҳилол.

Қуриб қолган анҳор бўйида,

Йиғламайди энди мажнунтол.

 

Севгимизнинг гувоҳи толлар,

Ўша сойга ғарқ бўлиб оққан.

Биз баҳорни кутган далалар,

Йўлимизга кўз тутиб қотган.

 

Энди баҳор шивирламайди,

Қулоғимга илиқ ҳисларни.

Энди таним жимирламайди,

Туйолмайман нозик ҳисларни.

 

Мен қолганман севгим эртагин,

Сўйламоқдан ранг рўйим тўзиб.

Сен кетгансан тақдир этагин,

Орқасидан қўлингни чўзиб.

 

 

 

                          Шам

Лип этиб электир ўчди-ю,  бирдан,

Атрофни  зим-зиё қоплади  бирам!

Эгардан  тушди-ю,  хўрсиниб қалам,

Ётволди  столга  қилгандай  алам.

 

Токчадаги шамни ёқаман, сўзсиз,

Тутаблар   ёнади  ўша эски  шам,

Фариштаси қочган  ёғду-  шуурсиз,

Юрагимга илҳом бўлолмас бу дам!

 

 

     

     Эй, Муҳаббат...

Эсингдами, қўлимдан тутиб,

Ишқ боғига олиб кирганинг.

Келақол,  деб оҳиста туртиб,

Сирли олам қуриб берганинг.

 

Орзулардан гулдаста ясаб,

Юрагимга солиб қўйганинг.

Авжи баҳор қизғалдоқ  бўлиб,

Лабларимга бўса тутганинг.

 

Эсингдами, осмонда ойни

Мен ногоҳон тутиб олгандим.

Юлдузлардан тизиб маржонни,

Пешонамга тақиб толгандим.

 

Бари-бари  эсимда маним,

Жаннатларни кезганим саҳар.

Оғирликнинг кучин енгганим,

Ва учганим фазолар қадар.

 

Ҳаёт вафо қилмаскан, йиллар,

Чақин мисол ўтиб кетдилар.

Мажнунтолни  алдаб дарёлар,

Куз келганда  қуриб  битдилар.

 

... Афсус,  эски яралар  битмас,

Эҳтирослар тош бўлиб қотган.

Аввалгидек чақнамас, ёнмас

Юлдузлар ҳам нам тортиб қолган.

 

Кўкда ой ҳам интизор  ҳануз,

Ҳузурига ҳамон чорлайди.

Умидимнинг юлдузи маъюс,

Оҳиста  им  қоқиб зорлайди.

 

Жўшқин ишқнинг дарёси қуриб,

Жилғаларда топганман қўним.

Лек, эсимда азиз Муҳаббат,

Сени илк бор учратган куним!

 

 

 

 

      Афанди ва ўғри

 

Оқшом тушиб жумлаи олам,

Кетганида ширин  уйқуга.

Афандининг оиласи ҳам,

Астагина кетди пинакка.

 

Хотин айтар: -Дадаси туринг,

Дарвозани қулфладингизми?

Эшик- у ром маҳкамми  қаранг,

Тамба солиб  қўймадингизми?!

 

Афандининг қотиб энсаси,

-Қизиқмисан?-  деди, шу онда.

Ҳушинг борми ўзи, онаси,

Не бойлик бор бу хонадонда!

 

Кирса кирар, ўғри ҳам одам!

Касби кори шу бўлса нетсин.

Уйнинг ўзи эрур шип- шийдам,

Қўлга нима илса обкетсин!!!

 

Ақли бўлса, зора  уялиб, 

Ҳолимизни  тушуниб  етар!

Ажаб эмас, балки раҳм қилиб, 

Беш- олти  сўм пул  ташлаб кетар!

 

 

 

 

        Қумурсқача фалсафа

Фақат у дунёда тинч ётишинг мумкин,

Бу дунёда тинчлик йўқ, сен бир қумурсқа.

Талаб қол, юлиб қол, ҳа, ташигин, йиққин,

Хуллас-калом, яшаб қол, чунки умр қисқа!

 

 

 

              Хуршид

 

Фарзанддур отанинг кўзи, қароғи,

Таянчи, умиди, сўзи, яроғи.

Ҳатто қабрингда ётганинг чоғи,

Хуршиддур фарзанднинг  ёққан чироғи.

 

     Узлатда...

 

Сендан қолди ҳашаматли иморат-у  кошона,

Мендан эса қолди кулба, қалбим каби вайрона.

Қабринг сенинг мармартошдан, гуллар тўла сағана,

Меникига  бир дона гул,  кимдир қўяр пинҳона...

 

 

 

  Кўнгил нидоси

 

Ҳақиқатни айтай десам дўстлар қўймайди:

-Бунча ҳам нотавонсан, кўнглинг нега тўймайди?

-Камдир дунё саодати, кўпдир оҳ-фиғон,

Қандоқ қилай, айтмай десам, кўнгил 

 

 

 

                Эртак

 

Ҳаёт ўзи- ширин бир  эртак,

Миллион  йил олдин яралган.

Қандай яшаб ўтишинг керак,

Пешанангга ёзиб муҳрланган.

 

Умр дафтарин қийин фаслида,

Эртакларга ишонмоқ керак.

Бахтли бўлмоқ учун аслида,

Эртакларга алданмоқ керак!

 

 

  

 

Категория: Мои статьи | Добавил: Раззок (21.06.2014)
Просмотров: 1769 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 1
1 SergBus  
0
<a href=http://zmkshop.ru/stati/vozvedenie-kompleksa-metallokonstruktsiy-promyshlennykh-zdaniy/>нзмк юб</a>

Имя *:
Email *:
Код *:
 
 
Форма входа

Категории раздела
Мои статьи [5]

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

     

    Copyright MyCorp © 2024
    Создать бесплатный сайт с uCoz