ГлавнаяРегистрацияВход Р. А. САНГИЛОВ Жума, 17.05.2024, 19:48
  Каталог статей Приветствую Вас Гость | RSS

 
 
Главная » Статьи » Мои статьи

Муқаддас эҳтирос. Шеърлар. Бошланиши.(1)

 

                          Онамга...

 

Жаннатлардан эсиб келар бўйларингиз,

Хаёлимдан ҳеч чиқмайди ўйларингиз,

Мендай қўмсар сизни,  ҳовли, уйларингиз,

Қўмсар сизни тантана-ю, тўйларимиз,

Онажоним, Онаизор, Онагинам!

 

Меҳрин қўшиб, оқ сут бериб, фарзанд боққан,

Посбон бўлиб қароқлардай, қулоқ қоққан,

Юрагини тумор қилиб, менга таққан,

Узоқ тунлар жигарини шамдай ёққан,

Онажоним, Онаизор, Онагинам!

 

Илм йўлига кетганимда қолган ғашлаб,

Билдирмасдан йиғлаган-у, кўзин ёшлаб,

Деган, сўлғин лабларини қимтиб, тишлаб:

-Тақдир қайга олиб кетди, болам бошлаб?!

Онажоним, Онаизор, Онагинам!

 

Дадам берган пулга қўшиб, ёнингиздан,

Астагина пул бергансиз енгингиздан.

“Ол, болам!” деб, ёш айланган кўзингиздан,

Мен айланай ўзингиздан, сўзингиздан!

Онажоним, Онаизор, Онагинам!

 

Косасидан гўштни олиб бизга тутган,

Қотган нонни сувга бўкиб ўзи тотган,

Она шундай бир меҳрибон хилқат экан,

Жаннатмакон Она экан. Она экан...

Онажоним, Онаизор, Онагинам!

 

Буни қаранг, етмай қопман қадрингизга,

Жон бўлай деб, жон бўлмапман жонингизга,

Ёш ҳам етиб келди қайтар жойимизга,

Тез орада борадурман ёнингизга,

Онажоним, Онаизор, Онагинам!

 

Бизлар киммиз, биз ҳам бир кун кетажакмиз,

Бу дунёда ном талашиб  нетажакмиз,

Сиз етишган кавсарларга   етажакмиз,

Балки сиздай  жаннати ҳам бўлажакмиз…

Онажоним, Онаизор, Онагинам!

 

 

 

 

Юракдаги Ўзбекистоним

 

“Она” сўзи нақадар баланд,

“Ватан” сўзи ундан-да буюк!

 Юрагимни мангу этган банд-

“Она-Ватан” чиндан-да суюк!

 

Она- Ватан! Жон-у, жаҳоним,

Сенга фидо танамда жоним!

Сен туганмас куйим, достоним,

Юрак-қўрим  Ўзбекистоним!

 

Мадҳинг айтсам, дилда мўл сўзим.

Жаннатларга  ўзинг  қиёссан.

Танамдаги  жоним  ҳам  ўзинг,

Қучоғимга  сиғмас  Қуёшсан!

 

Ватан! Бахтинг порласин дейман!

Инсоф берсин ғанимларингга!

Қарға, зоғлар қўнмасин дейман,

Юртим сенинг чаманларингга!

 

Сен кўзисан Улуғбекларнинг,

Юлдузларни бенарвон урган.

Сен сўзисан Навоийларнинг,

Шеъриятга ифор уфурган.

 

Баҳри уммон ортида қитъа-

Қойил бўлиб, кимдир берар тан.

Менинг  учун  ўзингсан якка,

Ўзбекистон аталмиш Ватан!

 

Беқиёсдир  дунё  даъфатан-

Лек сен  танҳо, жаннат, бўстонсан.

Ер шарининг қучган  белидан,

Энг буюк юрт,  Ўзбекистонсан!

 

 

 

Истак

 

Тоғдан бир кўчки кўчди-ю, кетди,

Осмондан бир юлдуз учди-ю, кетди.

Бевафо санамим айтган сўз сабаб,

Қалбимдан илиқ ҳис ўчди-ю, кетди.

 

Юлдузнинг ўрнида қолди  хира из,

Кўчкининг  ўрнида  яланғоч қоя.

Вафосиз дилдорим  айтган совуқ сўз,

Оташин  севгимга бўлди ниҳоя.

 

Истардим, учмасин юлдуз,  кўкдаги.

Кўчки  ҳам ўрнидан кўчмасин бевақт.

Ғанимат  ҳаётда табаррук севги,

Муқаддас эҳтирос бўлмасин бебахт.

 

 

 

Маьюсим

 

Ким  вафо изламас  ёрнинг сўзидан,

Кимни йиғлатмаган севги деган дард.                                   

Умид чироқлари  ёнсин кўзингда,

Маьюсим, кўзингдан ёшларингни арт.                   

 

Бу кўҳна  оламда  муҳаббат  буюк,

Зуҳро-ю  Лайлолар  суюкдан суюк.

Ёрга  етмаганнинг юраги  куйук,

Маьюсим, кўзингдан ёшларингни арт.

 

Вафо  ва жафоси бўлиб  эгизак,

Ҳар юракда қайта яралган  безак,

Муҳаббат – ҳаётни  турибди безаб,

Маьюсим, кўзингдан ёшларингни арт.

 

Вафодан  иккимиз ичайлик қасам,

Кўнгилни қора рашк айласин-у тарк,

Бир умр ҳамроҳинг бўлсам-да, қолсам,

Маьюсим, кўзингдан ёшларингни арт.

 

 

 

 

    Мумтоз муҳаббат

 

-Менга атаб ёзмайсиз- деб, - шеър,

Ўз ҳолимга қўймайсан бир дам.

Сен билмайсан,  азизам,   ахир,

Шеър яралар юракдан, жондан...

 

Яралар  у  нозик  туйғудан,

Муҳаббатнинг жафоларидан.

Кўз ёшлардан, ғамдан, қайғудан,

Зеболарнинг  вафоларидан.

 

Севмоқ  учун қалб керак, буюк,

Керак жунбуш, беҳаловат ҳис.

Ватан  керак, онадек суюк,

Осмон керак, ҳадсиз, булутсиз.

 

Қачонлардир, ахир сенга  деб,

Шеърлар ёзиб, мен кам толдимми?

Йиллар  ўтди бесамар, безеб,

Энди шеърим қўмсаб қолдингми?

 

…Ғижимланган  қоғоздан қидир,

Ашъорларим, суйиб сайланган.

Бир замонлар малол келгандир...

Бугун мумтоз куйга айланган!

 

 

 

        Ёмонлар кўп

 

Оламда ёмонлар ҳали кўп, гулим,

Ортингдан ҳали тош отувчилар бор.

Севги тўлғоғидан бехабар, беор,

Кимсалар ҳали кўп тўсади йўлинг.

 

Ҳали кўп кўз ёшлар  дарё бўлади,

Ҳали кўп юраклар дарддан бўлур қон,

Ёмонлар дастидан орзулар, ишон,

Минг бор туғулиб, минг бор ўлади.

 

Аммо сен чўчима, қўрқмагин жоним,

Ёмонлар кўзига  ўтли, дадил боқ.

Чунки сен СЕВАСАН, сенинг севгинг пок ,

Ёнингда мен борман, ўзим "ёмонинг".

  

 

Армон

 

Хаёлларим дайди кабутар.

Армонларга макондир кўнглим.

Бу дунёни кезиб дарбадар,

Сендан гўзал топмадим, Лайлим.

 

Сен-бағримни ёндирган юлдуз.

Сен-баҳорда мен кутган лола.

Ягонасан  оламда  ҳануз,

Фироғингда мен  Мажнун вола.

 

Оҳ, ҳисларим гуллола эди,

Узиб кетди уни қарғалар.

Юрагимда доғ бўлиб қолди,

Айтилмаган сўзлар, туйғулар...

 

Васлинг насиб этмади, майли,

Ёдимдасан аммо малагим.

Сенга томон талпинар ҳали,

Тиниб-тинчимаган юрагим.

    

 

 

Айбим шуки...

 

Айбим шуки - фақат сен дедим,

Ҳижронлардан ўгирмадим юз,

Қанча баҳор ўтди билмадим,

Пешонамда бугун йиғлар куз.

 

Йўлларингга термилиб кутдим,

Ўтди чопқир умрим - жайроним.

Сабру - тоқат буржидан ўтдим,

Тошдай қотди қалбим, вайроним.

 

Қирқ азобни кўрди бу жоним,

Қирқ бирига чидолмас энди.

Йўқотибман сени, Жайроним,

Менинг айбим бугун билинди:

 

Айбим шуки - фақат сен дедим,

Сени тангри дебман - шу айбим!

 

 

 

 

 Дилроз

 

Cени севишимдан қўрқмагин гулим,

Довдираб гапирсам кўнглингга олма.

Сесканма сен  томон  талпинса  дилим,

Термилиб тикилсам кўзингни олма.

 

Майли, довдирайин вижудим ёнсин,

Майли, ҳижронларда қоврилсин дилим.

Майли, изтиробда бағрим  қонасин,

Майли, танглайимга ёпишса тилим.

 

Қаршимда турсанг-у  хаёлан бир дам,

Қирмиз лабларингга лабимни сурсам.

Шаҳло кўзларингга чўмиб дам-бадам,

Сени севишимни шивирлаб айтсам.

 

Ёниб куйламоқдан ким ҳам куйибди?

Ёниб яшамоқдан кимга не фойда?

Ёниб севмоқликни менга қўйибди...

Шеърлар ёзмоқликни ҳуда-беҳуда...

 

 

 

              Дилбарим айт

 

Дилбарим айт, висолингнинг  ёзи кўпми, қиши кўп.

Сўзларингдан  дил тирналгай, нози  кўпми, ниши кўп.

 

Кўзларингга  термилиб  мен, сўйлаганда ишқимдан,

Кўзларингда нур  таралгай,  ғамза кўпми, ёши кўп.

 

Сен  муҳаббат   гулшанининг сарафроз булбулисан,

Овозингнинг  ноласида сози  кўпми, ғаши кўп.

 

Жамолингни субҳидамда чайдингми шабнамга сен,

Гул юзингнинг сийратида ҳусни  кўп, маҳваши кўп.

 

Раззоқ айтар, -Севарман! - деб, сен эса қилдинг хитоб:

- Сен каби Мажнунларнинг  соғидан беҳуши кўп!

 

 

 

 

 Севги

 

Кўзга гўзал кўриниб баҳор,

Вужудимдан тошганда  севинч.

Узоқ тунлар ўтганда бедор,

Юрак қурғур тепганда нотинч.

 

Хаёлимда орзулар ғужғон,

Юлдузларга боққаним маҳал,

Том бошида тўлин ой томон,

Қўлларимни қоққаним маҳал.

 

Гулзор кезиб  саҳар чоғида,

Бўлбулга жўр бўлганда роса.

Шабнам қўнган гул дудоғидан,

Мен энтикиб олганда бўса:

 

-Шубҳа йўқ-ки, қалбимда илк бор,

Севги ғунча очди беғубор!

 

 

 

Менга қийин бўлди

 

Ширин ғазал бўлиб кирдинг қалбимга.

Хаёларим этдинг чархфалак, сарсон.

Исминг тотли асал бўлди тилимда,

Менга қийин бўлди, сен учун осон.

 

Кўкдан тушиб келдинг, юлдуз, ой бўлиб,

Яна ғалваларни солдинг  бу бошга.

Бу олам кетди-ку оҳимга тўлиб,

Менга қийин бўлди, сенга томоша.

 

Сени деб ўртандим ҳар дам, куну-тун,

Ёниб адо бўлди юрак тушмагур.

Тангрим бўлиб қолдинг ахир, мен учун,

Менга қийин бўлди...

Сенга барибир...

 

 

 

 

Узлатдан мактуб

 

Инсоф бериб худо. Эгам қодир,

Келмоқ бўлсанг ёнимга шу тоб.

Мени ғамнинг уйидан қидир,

Мени қайғу оғушидан топ.

 

Ахтар мени вайроналардан,

Машраб ўтган биёбондан юр.

Сўра мени парвоналардан,

Мажнун чеккан ҳижронлардан сўр.

 

Кўз ёшларим дарёсидан ўт,

Очиб кўргин ҳижрон эшигин.

Армонларга юрагингни тут,

Тебратиб кўр алам бешигин.

 

Сен саргардон карвондан сўра,

Телбаларнинг кўзларига боқ.

Самоларга термилгин, зора,

Зулмат узра кўринса чироқ...

 

Шунда, мендан топмасанг нишон,

Ўтган бўлсам ҳаётдан тўйиб.

Шеьрларимнинг сатрига ишон,

Мен кетганман қалбимни қўйиб.

 

Шеьрларимни бир-бир ўқиб кўр...

 

 

 

Уйғунлик

 

Чин севги етаклар иқбол томонга,

Ўйлаб кўр, ишончим оқлай олдингми?

Хоинлик итқитар тубсиз уммонга,

Севгингни муқаддас сақлай олдингми?

 

Севсанг, мен ҳам севгум, шаксиз, шубҳасиз,

Гар вафо қилмасанг нафратим ўтдир!

Билгин, яшай олгум бир умр сенсиз,

Сенсиз ҳам юрагим ёнмоққа қодир!

 

 

 

                     Васият

 

Бир кун келар умрим мезони,

Вақти келиб қаддим бўлур хам.

Шамдай бир кун тугарман ёниб,

Тарк ҳам этар юракларни ғам.

 

Чопқир  умрнинг  йўлида  толиб,

Қолиб кетсам бўлиб жон фидо.

О, кимнидир сен севиб қолиб,

Мен ёдингдан чиқсам мабодо...

 

Шунда... Аввал унутгин мени!

Унут ҳис-у  туйғуларимни.

Унут менинг оташ ишқимни,

Севинчимни, қайғуларимни.

 

Бўсаларим таъмини унут,

Унут айтган аллаларимни.

Юрагингдан сирқит-у  йўқот,

Ўзим солган ғулуларимни.

 

Унут, гулдай тоза кўнглингга,

Қачонлардир солганимни ўт.

"Оҳ, жоним" деб сиғмай қўйнимга,

Тўлғонганинг, ёнганинг унут.

 

Майли, мангу  ўчсин хотира,

Шеърларимни парчалаб отгин.

Майли...Кейин  гулдай  бокира,

Бўлиб мурод-мақсадга  етгин...

 

 

Чин севги

 

Хира нур сочади сўнаёган шам.

Баьзи бир севгига хотима шундай!

Чин севги қуёшдан нур эмар ҳар дам,

Йиллар оша боқийдир шундан!

 

 

 

 

                  Соғинч

 

Йуллар тупроғида қолди изларим,

Уфқлар қирғоғида толди кўзларим,

Бу йўллар ҳудудсиз, сўнгсиз, бепоён,

Бу ўйлар етаклар мени сен томон.

 

Бу ўйлар улайди  ўйим ўйингга,

Бу йўллар боғлайди уйим уйингга.

Бу йўллар ортидан кутаман фақат,

Ризои муҳаббатинг битилган бир хат.

 

Кечирган севгилим, минг бор узр, ҳа!

Беғубор ҳисларим кўнглингга ботса.

Майли, мен розиман шу йўллар узра,

Уфқларга термилиб кўзларим қотса!

 

 

 

 

Эй  одам!

Муҳаббатга бўлганимда ёр,

Ишқ қалбимда куйласа алёр,

Айтгин, сенинг нима ишинг бор,

Мен кимнидир севсам, эй одам!

 

Тош нима-ю, тош қалбинг нима,

Шодлик нима, қайғуинг нима.

О, санчганинг юракка нина,

Мен кимнидир севсам, эй одам!

 

Ахир сен ҳам чувалчанг эмас,

Худо сени ё бандам демас!?

Қўлингдан бир яхшилик келмас,

Мен кимнидир севсам, эй одам!

 

Ҳар ким ейди пиширган ошин,

Кимдир гулга, ким хасга ошиқ,

Нега бунча куясан тошиб,

Мен кимнидир севсам, эй одам!

 

Мен барибир севавераман!

Доим ёрни деявераман!

Кўзларингни ўявераман!

Шуни яхши билгин, эй одам!

 

 

 

 

              Хиёнат юрти

 

Бир  қизни севардим Мажнун сингари,

Мудом тилар эдим унинг бахтини.

У эса ғайри-ла кетди-ю  нари,

Унутди садоқат, вафо, аҳдини.

 

Ҳижроннинг тиғига қалб бўлди нишон,

Дуторим торига қўнди армонлар.

Ширин орзуларга дил бўлди макон,

Дардимга чора йўқ, йўқдир дармонлар.

 

Шуми, ширин ишқнинг аччиқ меваси?

Садоқатнинг умри шунча қисқами?

Шунчалар ёлғонмиди вафо шеваси?

Сизни унутмайман деган қиз қани?

 

Қалб! Кетгин, арвоҳдай узоққа учиб,

Хиёнат юртини сен излаб топгин.

Ва ўша  юртларда ёридан кечиб,

Юрган  бевафога саломим айтгин…

 

Бекинмачоқ  ўйнайди ой...

 

Бекинмачоқ  ўйнайди ой, абр  ортига беркиниб,

Юрагимни  тирнайди ой, шўхлик қилиб, ийманиб.

 

Кўзларимни  сеҳрлаган, сен кўкдаги ҳилолим,

Ой  акс  этиб  жамолингни алдамоқда хаёлим.

 

Кўзим тинар, чор атрофдан шўх юлдузлар чарақлар,

Қийнаб, қалбим дафтарини титиб-тортиб варақлар.

 

Қалбим менинг ҳувиллаган, коинотнинг тубидек,

Аросатда қолдим бу кун, ёрнинг асал  лаби деб.

 

Ойга  қараб  увиллайман  оч  бўридай ҳар оқшом,

Қалбим эзар оғир бир дард, дош бермайди Кўҳи Шом.

 

Ойга қараб руҳим бир кун учиб  кетса ажабмас,

Кўкдан қараб, сени кўрсам, худо  берса ажабмас...

Бекинмачоқ ўйнайди ой...

 

 

 

 

Сен деб...

Юраккинам тиним билмас, талпинаман сен томон,

Ранги-рўйим сомон бўлди, ҳолимга ҳамма ҳайрон,

Фақат номинг айтар бўлдим, титраб қолди танда жон,

Сен деб тирик эканман мен, бугун бўлди бу аён!

 

Дулдул отда йиғлаб-йиғлаб кетаётган қизгина,

Изин кўзга зор-зор қилиб кетаётган қизгина,

Юрагимни анор қилиб эзаётган қизгина,

Сен деб тирик эканлигим қандай айлайин баён?

 

Ларзон-ларзон юраккинам тор бўлсина, тор бўлсин,

Мен севган қиз мендай ёрга зор бўлсина, зор бўлсин,

Мендан кечган бевафо қиз хор бўлсина, хор бўлсин,

Ёмон-ёмон ният тилаб, кейин борай мен қаён?!

 

Бошим олиб Макка томон  мен саргардон кетайин,

Қочиб ишқдан етолмасман осмонларга нетайин,

Саҳроларда Мажнун бўлиб қолиб кетишим тайин...

Шунда жоним, эсларсанми севгимни аҳён-аҳён ...

 Баҳор келиб, пойингда гул бўлиб унсам ногаҳон...

 

 

 

Олдинг-у, кетдинг...

 

Кўзларимдан гул юз нигорим,

Уйқуларни олдинг-у, кетдинг.

Юрагимда асраб юрганим,

Туйғуларни олдинг-у, кетдинг.

 

Йўлларингда нисор кўзларим,

Маржондайин сочдим ҳисларим.

Сен таратиб сунбул исларинг,

Ўйларимни олдинг-у, кетдинг.

 

Зорларимни кўмиб ёшимга,

Чорлаганда сени қошимга.

Ҳузурингда эгган бошимга,

Қайғуларни солдинг-у, кетдинг.

 

Ўзганинг сен бўлиб нигори,

Кетдинг бўлиб севимли ёри.

Қолдим  ёлғиз, қўлда дуторим

Қўшиқларим олдинг-у, кетдинг.

 

 

 

                       Сени соғиндим

 

Вужудимда оҳ урмоқда оташдай ёниб армон,

Кўз ёшларим сўқир қилди, оламни тутди фиғон.

Қайга кетдинг қалдирғочим, юрак-бағрим қилиб қон,

Сени соғиндим-ку жуда... Жуда-жуда соғиндим!

 

Лабим суйган, тилим туйган, сенсан сўзлари асал,

Дилим куйиб ёзолмаган, сен илоҳий бир ғазал,

Назаримда бутун дунё мен каби оғир касал,

Сени соғиндим-ку жуда... Жуда-жуда соғиндим!

 

Сен кетган ёқ мен сиғинган, тавоф этган қибламдир,

Шеьрлар ёзсам руҳим сўниқ, қўлда синиқ қаламдир,

Мен бировга сўзлай десам, сўзлаганим аламдир,

Сени соғиндим-ку жуда... Жуда-жуда соғиндим!

 

Орамизда тоғ турибди, ўтиш мушкул, беомон,

Тоғлар ошиб етолмади фиғонларим сен томон,

Билармисан бағритошим, сен деб тирикман ҳамон,

Сени соғиндим-ку жуда... Жуда-жуда соғиндим!

 

Оқар сувдай ўтди умрим, худди тушдай, афсона,

Юрагимда ўтли андуҳ, қолдим бўлиб гирёна,

Ҳеч ким ҳолим сўролмайди, мен ўзимга бегона,

Сени соғиндим-ку жуда... Жуда-жуда соғиндим!

 

        

 

 

                Она- Ватан

 

Онам  ва  Ватаним мисли эгизак!

Гўё кўкрагимнинг икки қафаси.

Юрагимдан ҳайкал қўяман бешак,

Жамики одамзотнинг келсин ҳаваси!

 

 

 

            Кетгим келар

 

Кетгим келар узоқларга, Зуҳро юлдуз томонга,

Қандоқ қилай кун йўқ экан, мен бедаво, ёмонга.

 

Саргардонлик саҳросига кириб қолдим адашиб,

Ниҳол севгим қуриб бу кун айланди-ку сомонга.

 

Орамизда ғов бор экан, ўтиш мушкул, йўл йироқ,

Қаро кўзим сўқир бўлди, термилиб сен томонга.

 

Сенинг айбинг гўзаллигинг, менинг айбим ошиқлик,

Ошиқ бўлмай мен ўлай, сен кўзи хиромонга

.

Дунё томи ё пастмиди, ё саҳнаси тормиди,

Мубтало этди мени, тақдир сендай жононга.

 

Севгинг мени кўп қийнади, ўтлар тушди  бу жонга,

Кунлар тунга уланди, тунлар уланди тонгга.

 

Ҳамма кулар бу ҳолимдан, дунё бўлди менга дор,

Бу савдони раво кўрмас Оллоҳ асло инсонга.

 

Кетгим келар олисларга,  сен  шаҳлокўз томонга,

Қайрилиб бир боқмадинг-а,  мен бедаво, ёмонга...

 

 

 

           Танҳолик

 

Юзим тутдим саболарга гуноҳларим ювай деб,

Қўрғошиндай оғир ғамни юрагимдан қувай деб.

Афсус, сабо четлаб ўтди, у ҳам қилди мендан ор,

Мен кетаман!

Сенсиз танҳо яшашдан не маьно бор...

 

 

 

 

                  Ишқ ноласи

 

Оқ йўл тилаб, ёр-ёр айтиб узатдим,

Бу тилларим кесилди-ё, кесилди.

Севиб-суюб, йиғлаб тўйинг кузатдим,

Бу кўзларим ўйилди-я, ўйилди.

 

Тўймай қолдим сунбул бўйинг атрига,

Сиғмай қолдинг қўшиқларим сатрига,

Энди етдим кўз ёшларинг қадрига,

Сел кўз ёшим, тўкилди-я, тўкилди.

 

Шафақ эмас қон рангли бу бағирдир,

Бугун сенсиз орзуларим сағирдир,

Чандиқларнинг азоби кўп оғирдир,

Юраккинам сўтилди-я, сўтилди.

 

Қуёшни ҳам кўрмай қолди кўзларим,

Фақат номинг бўлди айтар сўзларим,

Мунгли куйлар чалар бўлди созларим,

Нолалари бузилди-я, бузилди.

 

Кўрган куним бўлди сенсиз, кўп жафо,

Бир келмадинг ҳолим сўраб бевафо,

Дунё экан беумид-у  бесафо,

Умидларим узилди-я, узилди...

 

 

 

          Қайтиш

 

Томчидай бўлмоқни қилмайман ҳавас,

Офтобдан нур эмиб қилгум йўқ парвоз.

Булутнинг ўрнида бўлиш гўё соз-

Сув эдинг, сув бўлиб қайтасан холос.

 

 

 

 

        Муҳаббат бу..

 

Қучоғимда сен эрий олсанг,

Бўйним қучиб йиғлолсанг юм-юм.

Кўзларимга термилиб, толсанг,

Муҳаббат бу, менинг малагим!

 

Ишқ бу дарё, шўнғий олсанг бас,

Уммонларда сузсак басма бас.

Боши йўқдир, сўнги ҳам бўлмас,

Муҳаббат бу, менинг малагим!

 

Гоҳ қўл етмас, гоҳо беқадр,

Кимдир тўйган, кимда йўқ сабр,

Лозим кўрмас кимгадир тақдир,

Муҳаббат бу, менинг малагим!

 

Юрагингда армон тилинса,

Кипригингда илинж илинса,

Кераклигим сенга билинса,

Муҳаббат бу, менинг малагим!

 

 

 

Ҳазил

 

Юлдуз эмас ой экансан,

Гўзалликка бой экансан.

Баҳор чоғи тўлиб тошган,

Селлар келган сой экансан.

 

Мен телбани ҳайрон қилдинг,

Жувонмаргни кашон қилдинг.

Юрагимни нишон қилдинг,

Қаро қоши ёй экансан.

 

Дунё бир кўп, бир кам экан,

Сен суйган ёр айт, ким экан.

Қайси бахти кўркам экан,

Унга асал чой экансан.

 

Диллар завққа тўлган яхши!

Тенг тенги-ла бўлган яхши!

Бу кунингдан ўлган яхши,

Раззоқ  ҳолинг вой экансан.

 

 

 

             Манзара

Ой - ошиқлар чўқинган санам,

Маьшуқалар сиғинган Макка!

Оққуш каби менинг қалбим ҳам,

Талпинади мудом фалакка.

 

Карвонсарой дунё томидан,

Сирли боқар сеҳрли ҳилол.

Боши эгик, хаёл домида,

Сой буйида йиғлар Мажнунтол...

 

...Бир сир бордир мазкур савдода!

- У Ой эмас шайдойи Дилдор!

Мажнунтолни қолдириб доғда,

Қуёш билан қочиб кетган ёр!

 

 

 

 

Бу оқшом

Ойнинг нури сим-сим ёш бўлиб,

Кўзларимдан оқди бу оқшом.

Кўкда ҳилол сирли шивирлаб,

Юрагимни ёқди бу оқшом.

 

Ойга қараб тилабсан тилак,

Ёр бағрига сингиб, эркалаб.

Аччиқ алам қалбим тилкалаб,

Армонларим синди бу оқшом.

 

Сен термилиб ағёр кўзига,

Энтикканда ҳар бир сўзидан,

Парда тортиб ой ҳам юзига,

Юрагимдай куйди бу оқшом.

 

Қалб кўмилиб кетди фарёдга,

Ағёрни сен суйдинг зиёда.

Юзларингни тушириб ёдга,

Ой қизариб ботди бу оқшом.

 

Кўникиб сен тақдиринг ила,

Ёрга кўнгил бердинг бир йўла.

Мен ой билан, сен ёринг билан,

Икки ёнга кетдик бу оқшом...

 

                     

            

           Кетсанг агар...

 

Сенга дардим айтмоқдаман, кўзларимга ёш тўлиб.

Кўз ёшларим  ботмоқдадир, юзларимга тош бўлиб.

Сенсиз толъем асло кулмас, сенсиз умрим умр эмас.

Кетсанг агар узоқларга, ортга қайтмас қуш бўлиб

 

Сен кетганда баҳор йиғлаб, сарғайганча куз қолар.

Кўз ёш тўкиб, термилганча, бир жуфт қора кўз қолар.

Армон кетар сочларингга  хазон каби илашиб,

Юрагимда айтилмаган бир дард қолар, сўз қолар.

 

Ёлғиз тангри билар, сенинг сочларингни силаб ким,

Кимлар суюб, кимлар юрар, бахт иқболинг хуш қилиб.

Раззоқ яшар васлингга зор, номинг сўйлаб бетиним,

Сен яшарсан хаёлимда  афсонавий туш бўлиб!

 

 

 

                     Қасамхўрга...

(Қиз монологи...)

 

Дардим тўксам дарё тўлар, қирғоқлари бермас дош,

Ҳолим ёмон, шу куйларга солди мени бағритош.

Ёш бошимда бу дунёнинг сўнгсиз, ҳадсиз ташвиши,

Юрак эриб сирқди кўздан, қонлар бўлиб оқди ёш.

 

Балки бу дам у бевафо хиёбонда этиб сайр,

Қанотимни қайирганин дўстларига мақтанар.

Ё кимгадир гуллар тутар,  ичар турли қасамлар,

Бу ҳолатдан бағри ёниб, нега куймайди қуёш?!

 

Нега сувлар оқмайди терс, замин ортга айланмас,

Қасамхўрлар босди ерни, ҳеч ким бир сўз айтолмас!

Ёнаяпман гулхан бўлиб, биров сувлар сеполмас,

Кетгим келар армон билан, бу дунёдан олиб бош...

 

Не кунларни солди бошга, у  бевафо, бағритош ...

 

                       

 

Тақдир

 

Чин севгимиз бугун билинди!

Қалблар азал  талпинган экан.

Кўзларингда илинж  илинди,

Ҳайҳот,  ҳислар алдамас экан.

 

Гулзорингдан гулни субҳидам,

Узмасликнинг топмай иложин,

Эҳтироснинг қайноқ лабида,

Ихтиёрнинг кетди жилови...

 

Ва юраклар талпиниб бирдан

Қилиб қўйдик бир улуғ гуноҳ.

Сочларингни сийпаб бу сирдан,

Бўлди сойнинг эпкини гувоҳ.

 

Кўзларингда ёшинг лиммо-лим,

Лабларингга  гул  ифор солди.

Ишон жоним, қандим, асалим,

Тақдиримиз боғланиб  қолди.

 

Севги ғолиб келиб баридан,

Олам узра бир нур таралди.

Қалбимизда мангуга, чиндан,

Севги деган қўшиқ  яралди!

 

 

 

     Камалак

 

Турфа хил рангларда яшнар камалак.

Латиф бир гўзаллик. Ўйлайман шу дам:-

Камалак  товланиб бўларкан ҳалак,

Инсон  бўлолмаскан товланиб одам!

 

 

 

Айтолмадим

 

Унга айтар гапларимнинг сарасин айтолмадим.

Ҳасратида куйган бағрим ноласин айтолмадим.

Оққуш бўлиб кетди гулим, юрак тўлди фарёдга,

Оҳларини айтолмадим, воласин айтолмадим...

 

Айтай дея, изларини  адирлардан изладим,

Қаро тунлар юлдуз кўзин самолардан изладим.

Бордир дея зарра инсоф ё вафонинг шеваси,

Ёлғон сўзлар дастасидан рост ҳисларни изладим.

 

Атрофимда баҳор ҳайрон, билмас кўнглим олишни.

Юрагимни совутолмас кўкда тўрғай нолиши.

Кетди тутиб ўзга қўлни, кечиб мендан пинҳона,

Ўйламовдим, бир кун келиб, ёрсиз, танҳо қолишни.

 

Излаганим қай қучоқда эркаланиб оҳ урар.

Қасамлари осмонларни тўлдирганча довдирар?!

Осмонлари тарс ёрилсин бу бевафо дунёнинг,

Севишимни айтолмадим, йўлда кўзим жовдирар...

 

 

Сўнгги қўшиқ

 

Бу сўнгги қўшиғим, сўнгги кўз ёшим,

Бу сенга аталган энг сўнгги нидо.

Чархи кажрафтордан дод деган оҳим,

Самони тўлдириб қучгувчи садо.

 

Сенинг хиёнатинг ўртайди ҳануз,

Даҳшатли, бешафқат, маьшум бир тушдай.

Армонли хотира, ушалмас орзу,

Юрагим эзади тегирмон тошдай.

 

О, дунё бунча тор, аламлар чексиз,

Оламга сиғмайди бу тушкун  хаёл.

Юракда қолган оҳ, чандиқли бир из,

У  бебахт севгимдан ўкинч эҳтимол?

 

Бу сўнгги қўшиғим, сенга тўқилган...

Бу сўнгги кўз ёшим, сен деб тўкилган..

.

 

 

Хотира

 

Билмам, нечун безовта бу  руҳ,

Қалбда  андуҳ қилар  ғалаён.

Олисдаги нурдай, бешукуҳ,

Тафтсиз  ҳисдан қийналмоқда жон!

 

Билман, не у, дилни бешафқат,

Эзаётган қандай фиғон у?

Болалик деб аталмиш бекат,

Ёки умр-ми,  кечган бефоне?

 

Билмам, ўша тупроқли кўча,

Ялангоёқ чопганим йўлми?

Кўкка боқиб ҳар тун, ҳар кеча

Юлдузларга чўзганим қўлми?

 

Билмам не у, қандай бу туйғу,

Хира тортган марваридсимон?

Гоҳ ҳукмрон руҳимда қайғу,

Гоҳо яшнаб кўринар осмон!

 

Ҳайҳот, Раззоқ, ўкинма сира,

Сал тин олгин, ҳовлиқма бир оз.

Бу, ўша  у, ўчмас Хотира-

Юракдаги чандиқли бир из...

 

 

 

Гул ҳадя эт

Илтимос азизам, навбаҳор фасли,

Бинафшалар  ҳадя  эт  менга.

Ошуфта эрурман гулларга асли,

Гулюзлим, кулмагин хаста ҳолимга.

 

Муаттар гуллардан келтир бир даста,

Тутгин қўлларимга, мен тўйиб ҳидлай.

Ифорга  кўмилсин дунё  бир пасда,

О, лола гуллардан келтир бир талай.

 

Навбаҳор фаслида қалбимда шу чоқ,

Ҳаётбахш бир қўшиқ яралмоқдадир,

Анвойи гуллардан келтир бир қучоқ,

Юрагим сен томон  талпинмоқдадир.

 

 

 

                    Не учун...

                  

Не учун шундайин яралган олам,

Не учун бу дунё яралган бир кам.

Кимнингдир қалбида бир олам алам,

Кимнингдир қалбини қувонч яйратган.

 

Қаёқдадир зулмат чекинар шу дам,

Қайдадир қора тун бўлар ҳукмрон.

Туғилар дунёда яна бир одам,

Қай бир оилада азаю-фиғон.

 

Не учун шундайин яралган олам...

Мен уйлайман. Лекин кимдир бепарво!

Кимнингдир дардига бўламан ҳамдам,

О, кимдир ёмонлик айлайди раво!

 

Мен шу дам тилайман ёримга толе,

У-чи, ўзгага бахт тилайди ҳали...

 

 

 

Ҳазил шеьр

 

Ғаминг бошқа, хаёлинг бошқа,

Юрагимни ўртайсан мудом,

Дилинг бошқа ва тилинг бошқа,

Ёлғонларни сўзлаш муддаонг.

 

Ошиқ дилинг, тан олгин дейди,

У йигитни севишингни сан.

Лекин тилинг бурро сўзлайди:

-Мен севгини ҳеч тан олмайман!

 

На чораким чархи кажрафтор,

Мени сенга қилган мубтало.

Ки, сўзингдан олам кўзга тор,

Дилингдагин билади оллоҳ.

 

Яқинроқ кел, асло тортма тап,

Қулоғингга айтай қизиқ гап:

-Дилингдагин сўзласа тилинг,

Онамга сен бўласан келин!

 

 

 

 

Саболар

 

Сой бўйида турибсан,

Ширин хаёл сурибсан,

Жоним мени кутибсан,

Хабар берди саболар.

 

Жоним жамолинг ширин,

Ўтли висолинг ширин,

Бўса-и болинг ширин,

Олиб келди саболар.

 

Ошиқнинг зори ёмон,

Кутмоқ озори ёмон,

Қушдай учдим сен томон,

Қанот бўлди саболар.

 

Тутдим сенга гулдаста,

Жоним этиб пайваста,

Қучсам сени оҳиста,

Қарсак чалди саболар.

 

 

 

 

       Қайдасан

 

Уфққа бош қўйди қизариб қуёш,

Оромбахш туйғулар уйғонди танда.

Мен сени ўйлайман, кўзим тўла ёш,

Қайдасан малагим, шу пайт, шу дамда.

 

Ўйнашайлик дея шивирлайди ел,

Чечаклар тебранар бергандай далда.

Сен томон бетиним учади хаёл,

Қайдасан малагим, шу пайт, шу дамда.

 

Соғиниб эслайман гўзал рафторинг,

Юрагим ўртанар андуҳ, аламда.

Соғиниб қўмсайман ширин гуфторинг,

Қайдасан малагим, шу пайт, шу дамда.

 

Танҳоман. Соғинчдан титроқ танамда.

Сен шу дам қайдасан, қайси чаманда?

 

 

 

  Бахтли кун

 

Энг узун тундан ўтдикми?...

Энг ёмон кундан кетдикми?...

Азизим, нурли кун келди!

Бу кунни биз оз кутдикми?!...

 

 

 

Ёзуғ

 

Дунё экан ғалвали, тошли,

Қайдан олай метиндай бошни?

Бошга солса кўз ҳам кўради,

Ейсан ўзинг пиширган ошни...

 

 

 

Ким айбдор

 

Болангни хўрлама, урма, қарғама!

Улардан айб излаб, ёмон қарама!

Ким айбдор, худоми ёки сен ўзинг,

Нуқул жоврайверсанг, ўхшаб  қарғага?

 

 

 

 Ҳазил

 

Яхши қиз эдинг,

Иболи...  Отин!...

Айт, қайдан келдинг,

Эй ёмон хотин?!

 

 

 

     Ҳаёт

 

Ҳаёт - инсонга берилган синов,

Нозил айланган илоҳий карам...

Цезар сингари  қўлни чиқариб,

Кетурмиз - гадо, бой, соқов, кар ҳам...

 

Категория: Мои статьи | Добавил: Раззок (21.06.2014)
Просмотров: 2991 | Комментарии: 13 | Рейтинг: 2.0/2
Всего комментариев: 1
1 SergBus  
0
<a href=http://zmkshop.ru/uslugi/metalloobrabotka/>услуги вальцовки</a>

Имя *:
Email *:
Код *:
 
 
Форма входа

Категории раздела
Мои статьи [5]

Поиск

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

     

    Copyright MyCorp © 2024
    Создать бесплатный сайт с uCoz