ГлавнаяРегистрацияВход Р. А. САНГИЛОВ Сешанба, 21.05.2024, 04:54
  Блог Приветствую Вас Гость | RSS

 
 Главная » 2014 » Июнь » 16 » Наср. . .
23:38
Наср. . .

Бу қўллардир, бу қўллардир...

Вақти-вақти билан дўстлар билан йиғилишиб, чўлдаги навқирон шаҳримиздан бир неча ўн чақирим наридаги осмонўпар Зарафшон тизма тоғлари бағридаги ҳамиша ўзига жалб қилувчи, қалбларимизни энтиктириб, бағрига беаёв чорлаб турадиган сўлим жойларга бориб, бир муддат ҳордиқ чиқариб келардик. Навбатдаги сафаримизда кўҳна Шаҳристон қишлоғига яқинлашганимизда, тик кўтарилишга мослашмаган, шаҳарнинг ичида гижинглаган тойдай пишқириб юрадиган машинам обжувозга боғланган қари эшакдай ҳансираб, суви қайнаб кетди-ю, йўл четида ҳеч қандай замонавий насоссиз ишлаётган, муздай тоғ суви шариллаб оқаётган сув крани ёнида тўхтадик. Шерикларим машинадан тушишиб, тоза ва мусаффо тоғ ҳавосига кўникмаганликларидан, йилнинг ярми мобайнида Бойобод шамоли эсиб турадиган Янгишаҳарнинг чангли, ғуборли ҳавосигагина мослашган ўпкаларини тўлдириб сигарета тортиша бошлашди. Тўғри-да, ғуборли ҳавога кўниккан ўпка тоза ҳаводан ҳатто заҳарланиши ҳам мумкин-ку! Мен машинадан тушиб пақирчани олдимда краннинг олдига бордим. У ерда бир қиз энгашиб сув олаётган экан. Йўқ, бир қиз деб хато қилдим, у осмондан адашиб ерга тушиб қолган бир малак эди. Унинг кийиниши ва бошидаги ҳарир рўмолидан яқинда тушган келинчак эканлигини билиш қийин эмасди, албатта. Чиройли қизларни кўриб ортидан термилиб қоладиган ёш йигит бўлмасам ҳам мен, замонавий қилиб айтганда, қотиб қолдим. Менинг қаршимда Беҳзод қаламига мансуб, фақат ҳақиқий гўзалликни оддий чизгиларда тасаввуф эта оладиган мусаввирларгина ярата олиши мумкин бўлган, тасвирий санъатнинг мўъжизавий маҳсули, ингичка терилган қош, сузилган қийиқ кўз, узун қирра бурун, қошлари камондай, лаблари лаълидай, тўлин ойдай оппоқ, тиниқ юзли, бошида тиллақош, жон олгувчи раққосага ўхшаб кетувчи хилқат, фақат Шарқ халқига мансуб бўлган, имкони бўлса-ю Жаҳон маликаси танловида қатнашса, сўзсиз биринчи ўринни эгаллайдиган гўзал турарди.

-Ҳа, буёғи тушунарли, яна “оҳ-воҳ”, “ўлдим-куйдим” қабилидаги унутилган севгининг, армонли муҳаббатнинг яна бир зерикарли, мумтоз сонатасида, -деб ўйлаётган бўлсангиз, хато қиласиз.

Қиз беихтиёр бошини кўтарди-ю, менга қарамай “ассалому алайкум” деди. Мен юқорида келтирган тавсифим денгиздан томчи эканлигига имон келтирганимча, шунча ҳусн-у малоҳатга бой қиз, яна одобли эканлигидан ҳам ҳайратда қолдим; рост-да, Қадимий Шошни Душанбе билан боғлайдиган, кунига минглаб йўловчилар ўтиб турадиган катта йўл бўйида нотаниш кишиларга салом бериш асло шарт эмас, яна шундай гўзал қиз учун. Бировнинг хасмига, айниқса, ўз хаёлида ўралашиб қолган келинчакка тикилиб қараш гуноҳлигини билсам ҳам, аммо, инстинкт-да, беихтёр унга разм солдим-у: -Ие, сенмисан, - деб юборганимни билмай қолдим. Қаршимда бир неча йил аввал коллежда мен раҳбарлик қилган гуруҳда ўқиган Шаҳризода турарди.

-Ана айтмадим-ми, ҳаммаси равшан, газеталарда минг-минглаб ёзилаётган, асосий мавзуси фақатгина ёр, севги, айрилиқ, ҳижрон, бахтсиз муҳаббат, ана боринг-ки қўйди-чиқди ва ҳоказо-ҳоказо бўлган хашаки ҳикоялардан бири-да, дерсиз, -ҳурматли ўқувчим. Йўқ, асло сиз ўйлагандай эмас, бир оз сабр ва яна сабр... Сабр таги сариқ олтин демишлар.

У бошини кўтарди-ю:

– Вой, сиз. . . -деди(-Сиз ўша-му? - дегани йўқ!).

–Домла, бу ерларда нима қилиб юрибсиз?- унинг кўзлари чақнаб, яна ҳам яшнаб кетди.

Атрофда баланд, виқорли тераклар, айни саратон эмас-ми, йўл бўйида мевалари ғарқ пишиб осилиб турган дарахтлар(ажабо, фақат немисларда эмас, бизда ҳам бор экан-ку!), ўнг томонда шовиллаб оқаётган катта сой, чап томонда баланд зумрад тоғлар. Мавлоно Бобурнинг пойқадами теккан муқаддас жойлар. Балки у ҳам худди мен турган жойда –“Аёғим етгунча Бобурдек, кетар эрдим ва лек…”,- деб ашъор битган бўлса ажаб эмас, буларнинг бари–бариси беқиёс даражада гўзал эди-ки, буни фақат гўзаллика ошуфта юрак, доғ тушмаган қалбгина ҳис эта олиши мумкин. Юрагим ҳаприқиб кетди.

-Ҳа, шундай бир айланиб, дам олгани чиққандик, ўзинг қалайсан, бу ерларда нима қилиб юрибсан,– дедим, унинг яқинда турмушга чиққанлиги шундоққина кўриниб турганлиги, палахмоннинг отилган тоши, келиб тушган жойи шу ер эканлиги, қолаверса унинг ота-онаси шу ерлардан эканлиги, аллақайси замонлар мажбуран Мирзанинг чўлига кўчирилганлигини билиб турсам ҳам. -Кўрдингизми, сиёсатдан ҳам бир чимдим қўшилди.

У қизариб кетди-ю:

-Келиб қолибсизлар, бир пиёла чой ичиб кетинглар, - деб, мулазамат қилгандай бўлди. Анча- мунча гаплашиб турган эдик, шерикларим ҳам мен билан чақ-чақлашиб гаплашаётган тоғ қизининг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш учун-ми, сув ичиш баҳонасида ёнимизга бирин- кетин келишди. Билиб турибман уларнинг юрагини шу лаҳзада рашк оч сичқондай камираётганлигини. Ахир шундай қиз билан бир оғиз гаплашмоқ учун на фақат Самарқанд-у Бухородан, балки, бутун дунёдан кечиш ҳеч гап эмас эди. Аммо...

Йўлга тушдик. Шерикларим ҳар хил ҳазил- мутойиба қилишар, қичиқ гап отишар, хохолашар, мен эса чуқур ўйга толганча жимгина машинани ҳайдаб кетардим...

... Шаҳризода ўқиётган гуруҳ раҳбари, қолаверса ўша пайтда ёшлар фирқасининг котиби сифатида чўл бағридан суғуриб олинган поёнсиз пахтазорларда меҳнат симфониясини куйлаб, оқ олтин деб аталган, ўзи оқ, қилмиши қора пахтани она Ватан хирмонларига териб топширишдан ўзга бахт йўқдай, жавлон отиб юрган пайтларимиз эди. Ҳар куни ўша макорон суюқ, бўлка нон, салқитсувдай чой, ётиш -туриш ғарибона, аммо биз бахтиёр эдик. Теримнинг бошларида “Ура” деб ҳайқирган, пахтани томири билан юлиб оладигандай шижоат ва завқ билан пахта теримига отланган ўқувчиларнинг кунлар ўтиши билан, дами чиққан пуфакдай ҳаракатларининг сусайиб бориши, “Малим, қачон қайтамиз?” -деб ғингшишлари, қоч-қочнинг авжига чиқиши одатдаги ҳол эди. Пахта терими билан боғлиқ бир, гоҳида икки ойга борадиган бу сиёсий тадбирнинг оғирлиги нима учун фақат ўқувчиларнинг бошига тушган битдай ёпишиб олишини, айни вақтда катта-кичик “бирга-да” аъзоларининг, раҳбар амакиларнинг чойхонада кун бўйи ҳордиқ чиқариб, ёки “иккинчи” уйларида кун бўйи ухлаб, кеч тушганда овга чиққан каламушдай болаларнинг, ўқитувчиларнинг теппасига келиб, зуғум қилишлари, туни билан мажлисбозлик қилишлари, куни билан далада юриб тинкаси қуриган, “Тер, нега қаққайиб турибсан, отамни пахтасини тоза тер, отамнинг даласи бу, чаноғида қолдирма, падарлаънат”, -деявериб томоқлари хириллаб қолган мактаб директорларини турғизиб олиб, баъзида, “орқасига тепиб”, пахтани қойил қилиб етиштириб қўйишган-у териб олиш эса уларнинг иши эмасдай кеккайиб ўтирган, аслида пахта учун жавобгар бўлган, аммо жавобгарликни унутиб қўйган раис-у, бригадирлар олдида сазойи қилиниб, уларнинг истеҳзоли ва талабчан коммунистик боқишлари остида аллақандай бўрилар галасини эслатувчи фирқадан ўчиришар, “Ўртоқлар, мен ҳали фирқа аъзоси эмасман”,- деса, аввал фирқага қабул қилишар, кейин мазза қилиб ҳайдашар, энг қизиғи, машаққатли ва самарали меҳнатлари учун бошлиқ-у раисларнинг машиналар олишлари, данғиллама уй ва қорин солишлари, орден ва медалларга сазовор бўлишлари, айни пайтда пахта терими учун энг керакли маъсул шахс ҳисобланган мактаб ўқитувчисининг ҳамон бўш товоғини ит ҳам яламаслиги, менинг “мафкуравий тор онгимга” сиғмасди.

Бир чаласавод “бирга-да” бошлиғининг ўзи зўрға битирган мактабининг директорига: “Сани масалангди бўйрога қўяман!”– деб дағ-даға қилганини кўрсангиз. Бу ҳам майли, директорнинг қўрқиб қалтирашини қаранг, “Хўп-хўп, акажон кечирасиз, эртага нормани саксон килога чиқарамиз”; бундай ҳолда укангни ака, болангни ота дейсан-да, бундан завқланган сари биргадирнинг “Кўрдингми, мен директорингдан ҳам зўрман!”- дегандай, шишмаланиб кўкрак керишидан ҳазрати Довуд рўё бўлдими деб қоласиз.

-Ана, сизга сиёсий ҳикоя, қойилмисиз энди! Севгидан дарак ҳам йўқ!

Хуллас, ноябр ойининг ўрталарида бирдан совуқ тушди-ю ҳавонинг тафти кескин пасайди. Кечалари совуқ, эрталаб ўқувчи-теримчилар дийдираб, ифлос, нам босган кўрпаларидан бошларини чиқаришиб, анча вақтгача кўрпага ўранишиб, мўлтираб ўтиришар, биз ўқитувчи-полициячилар уларнинг кўзларига азроилдан бадтар бўлиб кўринардик чамаси. Кечаси билан қарта ўйнаб қизарган кўзларимизни зўрға очиб, уларни ўрнидан турғазар, кўрпаларини олиб отар, қўлимиздаги ғўзапоя ёки хивич билан кирза этигимизни савалар эдик. “Бўл-чи, бўл! Тур-чи, тур!”. Баъзан хивич бирорта ўқувчининг елкасида увиллаб ҳам қолар эди. Улар ирғиб туриб кетишар, кулишар, аммо бирортаси ҳам “Энангди палон қилай, нега урасан, мен сенга қулман-ми?”,- дея олмасди. Мафкура уларни шундай етук ва комил қилиб тарбиялаган эди.

Ўн кунлардан бери ҳамма қайтиш тараддудига тушиб қолган, далаларда фақат якка чаноқларгина қолган. Аммо ҳосил ишқи билан ёнаётган, пахта ор- номусимиз, режани қандай қилиб бўлса ҳам бажарамиз деб ҳайқираётган, бозорларни, автостанция-ю магазинларни ёпиб, мелисалар кўчалардан одамларни қув-қув қилаётган, шундай қилса режа бажариладигандай жонбозлик кўрсатаётган раҳбарларни ҳурмат қиладиган келажаги порлоқ, азиз болажонлар якка чаноқлари осилиб ётган пахтазорда ҳамон “жавлон урардилар”.

Дашти Карбалодан келаётган оғир карвонга ўхшаб, қатор чўзилиб, тупроқли дала йўли бўйлаб кетаётган болаларни кўриб юрагимиз ачишар, раҳмимиз келарди, аммо, ўзимиз ҳам уйдан, бола – чақадан узоқда, ойлаб баракда ётиш манглайига тавқи –лаънат бўлиб ёзилган ўқитувчилик касбига лаънат ўқиб қолардик, ўқитувчилик шарафли касб эканлигига ишонмай қўярдик, ўзимизга фақат ўзимизнинггина раҳмимиз келарди. “Мушт кетди” ўйинидай аламимизни болалардан, энг ёмони, бировнинг норасида боласидан олардик! Ёлғон гапирардик! Алдардик! Қанийди, биз уларни шундай сабот билан, шундай талабчанлик билан ўқитганимизда эди! Ҳамма олим бўлиб кетарди! Унда пахтани ким терарди?!

Соат ўнлар чамаси, дала томонга ўтдим. Ҳаво совуқ ва рутубатли, туман десанг туманга ўхшамайди, атроф трагедия қўйилаётган театр саҳнасидай хира парда билан ўралган, юз метрдан нари ёқ кўзга кўринмайди, чор атроф фақат ғўзалар, Абдулло Орифнинг олтин балиғи “ўйлаганидай”, дунё деб аталмиш ғўза майдонидан иборат “кўлмак”, қуёш ҳам юзига уятдан парда тортгандек хира, ёрита олмайдиям, исита олмайдиям. Ит кемирган суякка ўхшаб қолган эгатларда ғўзаларнинг поясигина қолган, баъзи- баъзи жойларда қолган чаноқда якка чигит, шу чаноқлардаги оқ олтинни тош ёғса ҳам териб олиш керак. Турган гап-ки, ҳақиқий пахтакорлардан дарак йўқ, Болалар совуқдан қунишган қарғалардай тик туришибди. Қўллар чўнтакда, этаклари бўш. Ҳавода анқиб турган тутун исидан баъзи жойларда болалар ўт ёқиб исинишаётган бўлса керак. Мени кўриб болалар ўзларини пахта тераётганга солишди. Болаларнинг кўзларидаги маъюс тобъелик юрагимдаги ғашликни минг чандон ошириб юборди. Ўқитувчилар пана жойда тўнларига ўралиб олиб картада “қулус” ўйинига тушиб кетишган, болалар билан ишлари йўқ. Нима ҳам қилишсин, пахта уларнинг эналарини маҳрига тушган-ми, хоҳлашса ишлашади хоҳлашмаса йўқ...“Кет!”- десанг ишдан кетиб юборишади-да, бозорда картошка олиб сотсаям, бир- икки йилда ҳеч бўлмаса “Москвич” олишади. Ўқитувчининг ойлик иш ҳақини оиласидан орттириб машина олиши мумкинлигига ақлингиз етадими? Унда ажойиб хаёлпараст экансиз!

Аста эгатларни оралаб, ўн бештача ўғил-қиз олов ёқиб, исиниб ўтиришган жойга бордим. Ўтирган ўғил болалар ҳайиқиб ўзларини нарироққа олишди, қизлар эса қимирлашмади ҳам. Мен ҳам бориб индамай қўлимни оловга тутдим. Ҳеч кимдан садо ҳам чиқмасди. Олов ланғиллаб ёнмас, у ҳам аламини кимдан олишини билмасдан, аччиқ қилгандай кўзларга аччиқ тутун пуркарди. Бир оз индамай оловга тикилиб ўтирдим ва ҳайратомуз кашфиётнинг гувоҳи бўлдим. Гулханга чўзилган ўнлаб нозик қўлларнинг аҳволига қараб бўлмасди. Булар қўл эмас туёқ эди! Булар сариқ ирқнинг эмас, қора танли негроиднинг қўллари эди! Беихтиёр қаршимдаги гуруҳдаги энг чиройли, камтар, камгап, бироз одамовироқ, унча ҳам яхши ўқимайдиган қиз Шаҳризоданинг қўлларига қарадим. Водариғ! Йўқ, аламдан йиғлашга кўз ёши қолмаган; Орол бекорга қуримади, уни қарғиш қуритди, болаларнинг қарғиши... Унинг қўллари катта ёшли эркакнинг, бир умр гуваладек болға ушлаб, босқон босган темирчининг қўлларидай эди. Қўллар эрталаб совунлаб ювилган бўлса ҳам, совуқдан, торс-торс ёрилиб кетган, ёриқлар орасидан қип-қизил гўшти кўриниб турарди. Қўл бўғимларига тангадай-тангадай яра тошиб, патос боғлаган, тирноқлар ўсган, тагида кир, ёнлари бичилиб кетган...

Аста кўзимни кўтариб унинг бетига қарадим. Бети товоқдай, тўрлаб, қорайган, лабларининг атрофи ёрилган, кўзлари... Уф-ф!... Томоғимга нимадир тиқилиб келгандай бўлди, нафасим бўғилди, кўзларимдан ёш оқа бошлади. Ҳа, кўзимга тутун кирди шекилли... Шаҳризода менга бир қаради-ю, кўзини яна оҳиста оловга тикди. Унинг гўзаллигидан гувоҳ бериб турган ягона аъзоси мунгли кўзларидаги оқлик эди холос. У меҳнатда “тобланган”, сахий қуёшда “қорайган” оддий ўзбек аёлларидан бири эди. У дунёда юз қаватли уйлар борлигини, эллигинчи қаватда ҳам мактаблар мавжудлигини, электр йиллаб ҳам ўчмайдиган квартиралардан бирида Шарлотта исмли пахта нималигини билмайдиган беташвиш яшаётган тенгдош қиз ҳам борлигини тасаввур ҳам қилмасди... Унинг кўз очиб кўргани шу пахтазор эди... Беихтиёр унга тикилиб қолдим. У эса нимага қараганимни сезди, аммо парво қилмади. Билмасликка олди! Ҳатто шу алфоздалигидан уялмадиям! Назокатнинг, мунисликнинг, ибонинг юзига тупурди! Йўқ, у менинг юзимга, ҳаммамизнинг юзимизга тупурди!

Қолган қизларнинг қўллари ҳам шундай. . . гўр эмасди!

Шаҳризода анча камгап, унча ҳам ажралиб турмайдиган қиз бўлгани учун мен унга унча кўп эътибор бермасдим. Яқинда уни бир неча кун дарс қолдиргани учун койиган эдим. У нима учундир ловуллаб кетди-ю: -Сиз мени ёмон кўрасиз, эътибор бермайсиз, ҳамма дарсларингизга қатнашаман, менга баҳони паст қўясиз, сиз Наргисни яхши кўрасиз, -деди ва синфхонадан отилиб чиқиб кетди. Наргис гуруҳбоши эди. Наргис: “-Воажабо, кесакдан ўт чиқдими?, -деб ҳаммани кулдириб юборди. Шу-шу, Шаҳризода билан орамизда шу совуқчиликдан бошқа ҳеч нарса бўлган эмас. У ҳеч нарса демасди, мен ҳам.

Бир ўқитувчи дўстимни кўргани пахта даласига борганимда, у ошпаз қизларга болта билан гўшт чопиб бераётган экан. Ошпаз қизлардан бири ундан кўзини олмасди. Қараб турибман, ўша қиз қўлини тушиб келаётган болта остига аста қўйди. Қизнинг кўзида муътелик, юзида бахтиёрлик мавж уриб турарди. Хайриятки, дўстим чаққонлик қилиб қолди, болта қизнинг фақат бармоғинининг бир четини сал кесиб кетди. Дўстим унинг қўлини маҳкам ушлаганча менинг машинамга миндирдик-у, шаҳарга касалхона томон равона бўлдик. Дўстим даҳшатдан қалтирар, қиз эса мийиғида куларди... У қўлларидан қон оқиб турганлигига қарамасди. У бахтиёр эди! Мен содда қизнинг қалбини эгаллаган мунис, соф ва фидойи, аммо, телбанамо муҳаббатнинг буюк кучига таҳсин ўқиганча газ педалини босардим...

Кечқурун баракда Шаҳризоданинг аҳволи ёмонлашди. Мен уни касалхонага олиб бордим. Камқонлик ва организмнинг заифлашуви натижасида ривожланган сил касали деб ташҳис қўйишди. Ҳатто учувчининг тиржайиб турган башараси ҳам кўринадиган баландликдан самалўтлар алақандай “бутафос” деган оппоқ тумандай дориларни пахта тераётган болалар устидан сепиб ўтганда, оғзини очиб қуёш нурларида ранго-ранг товланиб тушаётган томчиларни тили билан илиб олаётган болалар нимага маҳкум этилганликларини қаёқдан билишсин? Шоира Ҳалима айтганидек: “Онам 35 ёшида ариқдаги заҳарланган сувдан ичиб ўлди...”

У узоқ ётди. Ўқишни битириш арафасида келиб, имтиҳонларни топширди-ю, дипломини олиб кетди. Кейинчалик шаҳардан кўчиб кетишди.

Мана, бугун уни кўрдим. Тоғ ҳавоси ўша гўзалликни қайтадан яратганининг, оқ пахтанинг қаро куяси қизнинг юзини тарк этганлигининг, ёнимда яна ўша соғлом, кўркам ва буюк Инсон Фарзанди турганлигининг гувоҳи бўлдим. Оппоқ, узун-узун, шаҳар кўрган қиз эмасми, рангсиз қилиб бўяган бармоқларига қарадим. Улар нозик, мўжизавий ва фусункор эди. Бу бармоқлар оғир меҳнат учун эмас, севганининг қўлларини бир умр маҳкам ушлаш учун, ёрини, фарзандларини, Ҳаётни қучиш учун берилганлигига шукроналар келтирдим.

Ўз қизининг бахтини кўрган отадай қувондим.

Биз катталарни кечиргин, қизим!

Бор гап шу.

.

Просмотров: 782 | Добавил: Раззок | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
 
 
Форма входа

Поиск

Календарь
«  Июнь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30

Архив записей

Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0

     

    Copyright MyCorp © 2024
    Создать бесплатный сайт с uCoz